ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ КУШАНДАСИ КОРРУПЦИЯ ЭМАСМИ?
Тан олиб айтиш лозимки, жамият ва давлат тараққиётининг асосий кушандаси сўзсиз коррупция десак, ҳеч ҳам хато қилмаган бўламиз. Бу дегани энди гуркураб ўсаётган мевали дарахт илдизига болта ургандай деган гап. Бугунги кунда бу иллат нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё давлатлари дуч келаётган энг тубан муаммолардан биридир. Коррупция орқали жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди.
Дарҳақиқат, охирги йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат олдида турган асосий ва энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, коррупция таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш соҳаларида кўплаб содир бўлмоқда деган мурожатлар ижтимоий тармоқларда кўплаб учрамоқда.
Энг ачинарлиси, яқин уч ой ичида ҳоким ёрдамчилари томонидан ер олди - сотдиси, ноқонуний жойларга иншоатлар қуриш масалаларида ваъда бериш каби коррупцион ҳолатларга йўл қўйилганлиги, жуда кўплаб жамоатчилик томонидан норозиликларга сабаб бўлмоқда. Давлат уларга ишонч билдириб масъул лавозимга қўйсаю, бир оз ўтмасдан бундай салбий иллатларга йўл қўйса, бу жудаям ачинарли ҳолат. Эскида, ойни этак билан билан ёпиб бўлмайди, қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деган ҳаётий нақллар бежизга айтилмаган. Ҳоким ёрдамчиларига маҳаллалардаги аҳолини иш билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмак бериш, камбағалликни қисқартириш вазифаси қўйилсаю, уларнинг қилаётган ишига қарасак, тушуниш қийин! Нафс балоси тийилмас экан, бунга қарши қарши курашиш ниҳоятда мушкул бўлади.
Мамлакатимиз 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилди, бу эса давлатдан катта масъулият ва тегишли вазифаларни бажаришни талаб этади. Эътибор қаратадиган бўлсак, “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага юқорилаб, 180 давлат ичида 140-ўринни эгаллади. Энг илғор давлат ўнталиги қаторига эса, Дания, Финляндия, Янги Зеландия, Норвегия, Сингапур, Швеция, Швейцария, Нидерландия, Люксембург, Германия давлатлари киради. Тўғри анча олдинга силжишлар бор, аммо бу кўрсаткичлардан ҳам айтиб турибдики, холи олдимизда бу иллатга қарши курашиш учун кенг жамоатчилик олдида анча вазифалар турибди.
Охирги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги алоҳида қонун, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, алоҳида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий Мажлис палаталари ҳузурида коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ алоҳида қўмита ва бошқа ижобий ишларни ҳам санаб ўтиш лозим. Қолаверса, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, “Ишонч телефони” ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг “ишонч телефонлари”, “виртуал қабулхоналари” ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат идора раҳбарларининг “сайёр қабуллар”ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида “инсон омили”ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди.
Давлат Раҳбари ўзининг кўплаб нутқида ҳам, коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширишни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Дарҳақиқат, мазкур иллат билан биргина Президент, тегишли ваколатли идора вакиллари шуғулланган билан, биз кутган юқори натижага эришиш қийин, бунинг учун жамият биргаликда курашиши лозим, шундагина юксак мақсадларни мўлжаллаш мумкин.
Rashid Karimov, [24.07.2024 17:15]
Энг аввало, коррупцияга қарши курашишни оиладан бошлаш даркор. Бу борада ота ва онанинг оилавий тарбиядаги ўрни ва роли бениҳоя даражада юқори ҳисобланди. Фарзандни тўғриликка, ҳалолликка, тоза луқмага ёшликдан ўргатса, бунинг натижадорлиги албатта жамиятда сезилади. Мисол тариқасида, Германия давлатига ишчи гуруҳ аъзоси сифатида ташриф буюрганимизда, баъзи давлат хизматчиларига савол билан мурожаат қилганимизда коррупция нималигини тушунмади, ҳаттоки, бу тушунчани эшитмаганлигини ҳам айтиб ўтди. Биз ётиғи билан тушунтирганимизда кейин улар, биз ўз иш ўрнимиздан айрилишдан қўрқамиз ва бундай иллатга қўл ҳам урмаймиз деган фикрларни айтишди. Кўрганимиздек, масъулият, жавобгарлик, ўз ишига содиқлик ҳамда қонунга итоаткорлик юқори даражада. Савол туғилади, бизда-чи? Демак, биринчи галда аҳолининг ўзи бу иллат билан курашиши, салбий ҳолат эканлигини чуқур ҳуқуқий англаши ва оқибатларини онгли равишда тушуниши керак.
Мисол тариқасида, намуна сифатида айтиладиган Сингапур давлати Ли Куан Ю раҳбарлигида ҳалол марказий куч, жазонинг муқаррарлиги ҳамда давлат хизматчиларининг меҳнатига яхни ҳақ тўлаш ва уларнинг ҳалол меҳнатини рағбатлантириш тамойиллари орқали коррупцияни йўқ қилиш бўйича муваффақиятга эришган.
Таъкидлаш лозимки, 2022 йилдан бошлаб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига янги ваколатлар берилди. Эндиликда Агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг электрон маълумотлар базаларидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни олиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноят ишинин қўзғатиш ёки бошқа таъсир чорларини кўриш учун коррупция фактлари тўғрисидаги хабарларни юбориш ва натижалари бўйича қабул қилинган қарор тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиши мумкин.
Хулоса ўрнида: Келгуси амалиётда, мансабдор шахсларнинг мол-мулк декларацияларини ўз вақтида топширилишини назорат қилиш, уларнинг қонунийлигини текшириб бориш, уларнинг очиқлиги таъминлашни белгилаб қўйиш; жиноят қонунчилигида коррупция билан боғлиқ жиноятчилик учун жавобгарликни кучайтириш, энг асосийси, коррупцияга қарши тарбияни оиладан, мактабгача таълим муассалаларидан бошлаш, яъни фарзандларимизни болалигидан коррупцияга қарши муросасиз тарбиялаш, эртамизнинг фаравонлигини таъминлашнинг муҳим гарови бўлиб хизмат қилади.
Қолаверса, кўплаб ўрнак оладиган халқлар сингари биз ҳам, халқ руҳиятини соғломлаштириш, диний қадриятларни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий онги юксалтириш, ватанпарварлик мафкурасини онгга сингдириш орқали миллий тараққиётга эришишимиз лозим бўлади.
Собир СОДИҚОВ,
жиноят ишлари бўйича Фориш туман судининг раиси.