Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » АЁЛНИ АСРАШ – ОЛАМНИ АСРАШ

АЁЛНИ АСРАШ – ОЛАМНИ АСРАШ

06 март 2024 йил
126
0

 Олий Мажлис жамоат фонди гранд лойиҳаси доирасида

Мамлакатимизда 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун аёлларни турмушда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
2023 йил яна бир қонунга биноан, оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди. Унга кўра, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғорда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш ҳолатлари учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима ёки 160 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: нима учун қонунчиликка “оилавий зўравонлик” тушунчаси киритилди? Бунга қандай зарурат бор эди?
Оилавий зўравонлик жамиятда кенг тарқалган, қийин ҳолат ва мураккаб муаммолардан биридир. Унинг салбий оқибатлари шахслар учун, бутун жамият учун жиддий хавф демакдир. Масалага ўз вақтида жиддий чора кўрилмаса, эртага у чуқур илдиз отиб, бундан-да аянчли ҳолатларни юзага келтириши аниқ.
Ҳар қандай соҳанинг муаммо ва камчиликларини аниқлашда уни келтириб чиқарувчи сабаб ҳамда омилларни илмий ўрганиш муҳим. Шу мақсадда айни мавзу юзасидан “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти социологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Хусусан, 2022 йил декабрь ҳамда 2023 йил январь ойларида республиканинг еттита ҳудуди — қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Андижон, Навоий, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида тазйиқ ва зўравонликка дуч келган 183 нафар хотин-қиз ўртасида сўровнома ўтказилди.
Дастлаб аёлларга “Турмуш ўртоғингиз сизга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказган бўлса, унинг сабаби нимада?”, деган савол билан мурожаат этилган. Иштирокчиларининг деярли ҳар тўртинчиси (23,1 фоиз) эрига гап қайтаргани учун шундай бўлди, деб ҳисоблашган, аксарияти (9,7 фоиз) рухсатсиз, ўзбошимчалик билан иш қилганини сабаб сифатида кўрсатган, айримлари эрининг спиртли ичимлик истеъмол қилишини келтирган бўлса, баъзи иштирокчилар (8,1 фоиз) уй-рўзғор ишларини ўз вақтида бажармагани ва рашк (8,1 фоиз) каби жавобларни келтирган. Кўриниб турибдики, юзага келаётган зўравонлик ҳолатини аёл ўз айби деб қабул қилмоқда.
Тадқиқот давомида тазйиқ ва зўравонлик содир этишда зўравон ким экани бўйича респондентларнинг фикри ўрганилган. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳар учинчи аёл (33,3 фоиз) “менга нисбатан турмуш ўртоғим зўравонлик содир этади”, деган фикрни билдирган. 26,2 фоиз сўров иштирокчиси қайнонаси, 14,4 фоизи қайнотаси ва 7,1 фоизи қайнсинглиси унга нисбатан зўравонлик содир этганини таъкидлаган. қолган респондентлар турлича жавобларни келтиришган.
Оилавий зўравонликда нафақат аёл жабр кўради, балки оиланинг барча аъзолари “иккинчи даражали жабрланувчи”га айланади. Айниқса, онага шафқатсизлик қилаётган отани кўрган болаларда оғир руҳий тушкунлик юзага келади. Уйдаги зўравонлик, худди эпидемия сингари, жабрланувчиларини танламайди. Шунинг учун ушбу иллатга қарши курашишда жамиятнинг барча аъзолари бир ёқадан бош чиқариб, фаол равишда қарши чиқиши ҳамда атрофида бўлаётган бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги лозим.
Таклифим шуки, оилавий зўравонлик масалалари бўйича психологларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларини жорий этиш зарур. Зўравонлик содир этган шахслар билан тузатиш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор бериш, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, улар билан ишлаш дастурларини такомиллаштириш керак. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали оиладаги зўравонликнинг олдини олишга қаратилган маърифий тадбирларни кучайтириш, чэлленж, флешмобларни ташкил этиш яхши самара беради.

Гулбаҳор ШАҲАРОВА,
туман адлия бўлими, ФҲДЁ бўлими мудираси.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар