Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » БИТИМ ТУЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

БИТИМ ТУЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

01 май 2024 йил
153
0

Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жадал суратларда ривожланиб бориши, шу билан бирга хусусий мулк дахлсизлигини таъминланиши ва шартнома тузиш эркинлиги ҳуқуқий кафаолатланганлиги фуқаролар ўртасида турли кўринишдаги ҳуқуқий муносабатларни кенгайиб боришига сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 101-моддасида, битимлар деб фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатларига айтилади.
Фуқаролар томонидан битимлар тузилиши келгусида уларга ҳуқуқ ва мажбуриятларни юзага келтиради. Шу боис, битим тузишда ҳар бир фуқаро эхтиёткор бўлиши, ундан келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларни ва фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик юзага келишини зарур даражада англаб етиши лозим.
Кейинги вақтларда судларда битимни ҳақиқий эмас деб топиш, битим тузиш асосида мулкка эглик қилган шахс иккинчи томонни турар жой ёки бошқа бинодан кўчириш ҳақида даъволар билан мурожаат қилмоқда.
2023 йилда битимни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ 104 та ишлар мазмунан кўриб тамомланган.
Масалан, даъвогар Ж.Х судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгарлар И.Х, Г.Э, Д.Э, Ж.Э, Ш.Э, Н.Э ва Ш.Эларни оила аъзолари билан ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган Шароф Рашидов тумани, Дўстлик МФЙ, Зиёкор кўчаси, 27-уйдан (маълумотлар ўзгартирилган) чиқаришни сўраган.
Аниқланишича, Шароф Рашидов туманида жойлашган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан 2022 йил 5 июнда реестрда 1769-сон билан қайд этилган олди-сотди шартномасига асосан Ж.Х Шароф Рашидов тумани, Дўстлик МФЙ, Зиёкор кўчаси, 27-уйни И.Хдан сотиб олган.
Ушбу турар-жой кадастрлар палатаси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан 2022 йил 16 июнда Ж.Хнинг номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
Мазкур турар жойда жавобгарлар И.Х, Г.Э, Д.Э, Ж.Э, Ш.Э, Э.Н ва Ш.Элар яшаб келмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2023 йил 28 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, унга кўра жавобгарлар И.Х, Г.Э, Д.Э, Ж.Э, Ш.Э, Н.Э ва Ш.Элар оила аъзолари билан Шароф Рашидов тумани, Дўстлик МФЙ, Зиёкор кўчаси, 27-уйдан мажбурий тартибда чиқариш, даъвогар Ж.Хнинг фойдасига жавобгар И.Хдан 630.000 сўм суд харажатлари ундириш белгиланган.лШунингдек, даъвогарлар М.Ф. ва М.Ж.лар судга даъво ариза билан мурожаат қилишиб, унда жавобгар У.Д.ни барча оила аъзолари билан биргаликда Дўстлик тумани, Саноатчилар МФЙ, А.Авлоний кўчаси, 5-уйнинг 9-хонадонидан мажбурий тартибда кўчиришни сўраган.
Дўстлик туман 2-сонли давлат нотариал идораси томонидан 2020 йил 5 декабрда тасдиқланган, реестрда 56781598-сон билан рўйхатга олинган олди-сотди шартномасига асосан У.Д. низодаги Дўстлик тумани, Саноатчилар МФЙ, А.Авлоний кўчаси, 5-уйнинг 9-хонадонини М.Ф.га сотган.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ Давлат кадастрлар палатаси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан 2022 йил 14 июлда 1258987-сон билан М.Ф. номига давлат рўйхатидан ўтказилган.
Юқоридаги олди-сотди шартномасига асосан жавобгар У.Данияров уйни М.Ф.га сотган бўлсада, ҳозирги кунга қадар уйни бўшатиб бермаган.
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг 2023 йил 23 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар Ф.Ф. ва М.Ж.нинг даъво талаби қаноатлантирилиб, У.Д.ни барча оила аъзолари билан биргаликда Дўстлик тумани, Саноатчилар МФЙ, М.Қодиров кўчаси, 1-уйнинг 7-хонадонидан мажбурий тартибда чиқарилган.
Суд мажлисида ўз навбатида жавобгар тарафлар аслида турар жойни сотмаганлиги, пулга мухтож бўлганлиги сабабли фуқародан қарз олганлиги, шу пайтда қарз берган шахс уй-жойни олди-сотди қилиб беришини, қарзни қайтариши билан шартномани бекор қилиб, уйни қайтариб беришини маълум қилганлиги, шартномадан ташқари оғзаки келишувга эришганликлари, бугунги кунда буни тан олмаётганлиги, шу пайтда пулга мухтож бўлганлиги сабабли қарз берувчини барча шартларига рози бўлишга мажбур бўлганлиги ҳақида важларни илгари сурмоқда.
Қонунга кўра, битимни турли шакллари бўлиб, тарафлар ҳақиқатда қандай муносабатга киришса битимни ҳам қонунда кўрсатилган турларига риоя қилиб тузиши лозим. Акс ҳолда ўзига ортиқча ташвиш ва муаммоларни юзага келтирган бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Мазкур кодекснинг 733-моддасида, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.
Юқоридаги ҳолатда фуқаролар олди-сотди шартномаси эмас, балким қайд этилган қонун нормасига кўра қарз шартномаси тузиши лозим эди.
Низо судда кўрилишида ҳар бир тараф ўзининг важ ва эътирозларини судда исботлаб бериши керак.
Шу билан бирга шартнома бўйича ҳам низолашиб, уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаби суд томонидан рад этилган, жавобгар уй-жойни ҳақиқатда сотмаганлигини етарли далиллар билан исботлаб бера олмаган, бир қараганда ҳолат шундай кўринса-да, лекин иккинчи томонни қонуний кучда бўлган олди-сотди шартномасини қўлида ушлаб туриши, мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқи мавжудлиги албатта уни мулкдор сифатида ҳуқуқи бузилмаслигини ҳам судлар инобатга олади.
Хулоса ўринда, ҳар бир фуқаро шартнома тузишда масъулиятни ва келгусидаги оқибатни чуқур англаб етиши лозим, акс ҳолда биргина нотўғри ҳаракат унга қимматга тушиши мумкинлигини, бу хатоликни бир умр тузатиб бўлмаслигини доим ёдда тутиши лозим.

Нодиржон РАСУЛОВ,
Жиззах вилояти суди раисининг ўринбосари,

фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг

Тавсия этамиз:

Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар