ЮРИДИК ФАКТНИ БЕЛГИЛАШ МАСАЛАЛАРИ
Фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқларини вужудга келтирадиган, ўзгартирадиган ёки тугатадиган ҳодисалар юридик фактлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-соддаси 1-қисмида 9 та ҳолатда юридик фактларни суд тартибида белгилаш назарда тутилган бўлиб, бу рўйхат тугал бўлмаганлиги учун ФПКнинг 2-қисмида агар қонун ҳужжатларида уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин дейилган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-моддаси 9-кисмида аризачи юридик ахамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур хужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган хужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд бу фактларни аниклайди дейилган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-моддаси 1-қисмида санаб ўтилган юридик фактларга шахсларнинг қариндошлиқ алоқаларини, шахснинг бировнинг қарамоғида бўлганлигини, боланинг у ёки бу онадан туғилганлигини, шунингдек туғилган вақтини, фарзандликка олишни, никоҳдан ажратишни ва ўлимнинг қайд этилганлигини, шахснинг никоҳ муносабатларида бўлганлигини, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатнинг тегишлилик фактини, бахтсиз ҳодисани, иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилишни, меросни қабул қилиш ва очилган жойини белгилаш фактларини белгилайди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фориш туман судида 2023 йил давомида ҳамда 2024 йилнинг биринчи чорагида ишлаганлик фактини белгилаш, хусусан зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаш, доимий яшаганлик фактини белгилаш, фуқарони ўлганлик фактини белгилаш ҳақида аризалар кўриб чиқилди ва барча аризалар қаноатлантирилди.
2024 йилнинг биринчи чорагида ишлаганлик фактини белгилашда иш ҳолатлари бўйича 3 нафар аризачилар имтиёзли тарзда пенсия тайинлаш ҳақида пенсия жамғармасига мурожаат қилишганида уларнинг аризалари иш ўринларини аттестациядан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжжатлар етарли эмаслиги сабаби билан имтиёзли пенсия тайинлаш рад қилинган.
Суд эса зарарли меҳнат шароитида ишловчиларнинг иш ўринларини аттестациядан ўтказиш қонун талаби бўйича иш берувчининг мажбуриятига киришини, бунда ходимнинг айби йўқлигини, улар ишлаган ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган рўйхатда борлигини инобатга олиб, уларнинг зарарли ишларда ишлаганлиги фактини белгилаб берди. Бу эса уларнинг пенсия жамғармаларига мурожаат қилиб, имтиёзли пенсия олишларига шароит яратди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 295-моддаси мазмунидан келиб чиқиб, кейинги йилларда ”Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш киритилгач, доимий яшаганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризалар ҳам судларда бирмунча кўпайди.
Хусусан, 2023 йилда Фориш тумани, Ухум МФЙ 20 йилдан ошиқ вақт давомида яшаётган ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ололмаган, миллати тожик бўлган опа-сингил Шукуриён Фарзона Мусурмоновна ва Кобилова Махина Мусурмоновна доимий яшаганлик фактини белгилаш ҳақида судга мурожаат қилган эди.
Суд мазкур фуқароларнинг аризасини Фориш туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруғи бошлиғи иштирокида кўриб чиқиб, фуқароларнинг аризасини қаноатлантирди.
Шукуриён Фарзона ва Кобилова Махина 20 йилдан ошиқ вақт давомида Фориш тумани, Ухум МФЙда ота-онаси билан яшаб, мактабни, коллежни битириб, ишлаб келсада Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ололмаган.
Бунга мазкур фуқароларнинг ота-оналари ҳам ўзлари каби фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида рўйхатда туриши, доимий рўйхатда турганлигига етарли маълумотлар бўлмаганлиги сабаб бўлган.
Суд, ишни манфаатдор шахс ва гувоҳлар иштирокида кўриб, чиқиб, фуқароларнинг 20 йилдан ортиқ вақт давомида Фориш тумани, Ухум МФЙда доимий рўйхатда бўлганлигини, МФЙ хўжалик дафтаридаги ёзувлар,гувоҳлар кўрсатувлари,ўқиш ва иш жойларидан берилган шаходатнома, дипломлар билан тасдиқланишини инобатга олиб, Шукуриён Фарзона ва Кобилова Махинанинг доимий яшаганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаларини қаноатлантирди.
Мазкур суд ҳужжати эса бу фуқароларнинг узоқ йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш ҳақидаги армонларининг ушалишига, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини олишларига замин яратди.
Юридик фактларни белгилаш билан боғлиқ бу каби ҳолатлар республикамизда олиб борилаётган сиёсатнинг тўғрилигини, барча миллатлар ва элатлар бир-бири билан иноқ, тинч-тотув яшаши кафолати таъминланганлигини, миллатидан қатиьи назар ҳар бир фуқаронинг инсонийлик қадр-қиммати ҳурмат қилинишини англатади.
Эркин УМУРЗАКОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Фориш туман судининг раиси.