Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Ўзбекистон – 2030 стратегияси ТАЪЛИМ – ТАРБИЯ ЖАМИЯТНИНГ ҚОН ТОМИРИ

Ўзбекистон – 2030 стратегияси ТАЪЛИМ – ТАРБИЯ ЖАМИЯТНИНГ ҚОН ТОМИРИ

11 ноябрь 2024 йил
27
0

 Ўзбекистон – 2030 стратегияси

Давлатнинг ҳам, жамиятнинг ҳам тараққиёти инсон омилига боғлиқ экан, унинг савиясини, билим ва салоҳиятини юксалтириш энг долзарб масалага айланади.
Президентимиз юртимиз бўйлаб қайси корхона ёки ташкилотда бўлмасин, мутасаддилар билан учрашмасин, албатта, учта сўзни такрорлаши ва талаб этиши бежиз эмас. Булар — сифат, самара ва натижадорлик. Ҳар бир қилинган ҳаракатнинг натижаси, самараси сифатга боғлиқлиги аён. Мана шу сифатни эса яхши таълим олган етук кадрлар таъминлайди. Демак, Президентимиз маърифатпарвар жадид боболаримизнинг сўзлари билан эътироф этгани каби «Нажот — таълимда, нажот — тарбияда, нажот — билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади».
Таълим беришнинг ҳам ўзига хос машаққати, роҳати, муҳим усул ва услублари бор. Билиш бошқа, уни етказиш ва унга амал қилиш бошқа. Чунки илму амал бирликда бўлмаса, самара ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Сифатли таълим масаласи, авваламбор, интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий билим, технологиялар билан қуролланган, теран тафаккурли, дунёқараши кенг муаллимга боғлиқдир.
Ўқитувчи кўп билимга эга, ахборот технологияларини обдан ўрганган, турфа тилларни эгаллаб, хориж сертификатларини олган, ҳатто бўйи баробар китобу илмий мақолалар ёзган бўлса ҳам, ҳали бу таълимнинг сифати ва самараси дегани эмас. Бу масаланинг бир томони, холос. Ўқитувчи болаларга ўз билимини қанчалик етказиб бермоқда, бу жараёнда қандай усул ва услублардан фойдаланмоқда, ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини таҳлил этиб боряптими, жараёнда пайдо бўлаётган муаммоларни қай даражада самарали ҳал этяпти? Таълимнинг сифати мана шу саволларга бекаму кўст жавоб топишни тақозо қилади. Бунинг учун муаллим жаҳон миқёсидаги энг сўнгги соҳавий янгиликлар ва билимларни пухта ўрганиб бориши, малакали ўқитувчилар тажрибасини мунтазам ўзлаштириши, хорижлик етук мутахассислар билан ҳамкорлик ришталарини боғлаши лозим.
Давлатимиз раҳбарининг «Тақдиримизни муаллим ва мураббий ҳал қилади», деган эътирофини педагогларимиз ниҳоятда сергакликка, ўз устида ҳар қачонгидан кўпроқ ишлашга даъват ўлароқ қабул қилиши керак. Бугуннинг ўқитувчиси, аввало, ўз салоҳиятини мунтазам равишда бойитиб бориши ва замонавий таълим услубини намоён қила олиши шарт, деб биламан.
Бугун ўқитувчи қадри, нуфузи юксалаётган, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими изчил такомиллаштирилаётган муҳим жараёнларни бошдан кечиряпмиз. Мана шу эътибор ва ғамхўрликдан ҳар бир ўқитувчи фахр-ифтихор туюши билан бирга, уларга муносиб бўлишга интилиши — давр талаби. Педагоглар бугуннинг ёшлари ҳаёти ва талабига жавоб бера оладиган ўқув методикаси билан ишлаши лозим.
Бугуннинг ўқитувчиси янгича фикрлайдиган, ёшлар ҳаётидан узилмаган, ўз соҳасининг келажак тараққиётини теран таҳлил эта оладиган, асосийси, навқирон авлод кўнглига йўл топа оладиган ҳақиқий муаллим — зиёли бўлиш керак. Аслида, Президентимиз таълим соҳаси вакилларидан кутаётган ва талаб қилаётган муҳим вазифа ҳам айнан шудир.
Муаллимлар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтар авлодни етиштириб берсагина, тараққиёт йўлидаги кўплаб тўсиқлар бартараф этилади. Япония, Сингапур, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар тажрибаси шундан далолат беради. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бизда ҳам мутасаддилар, зиёлилар таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиши, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича масалаларни биргаликда ҳал этиши керак. Демакки, бутун эътиборни янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратишимиз лозим.
Ёшларга таълим бериш билан бирга, тарбиянинг ҳам уйғунлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, педагогларнинг маънавий-руҳий дунёсини бойитишига имкониятларни янада кенгайтириш талаб этилади. Бунинг учун уларга бўш вақт яратиб бериш, уни мазмунли ўтказишига шароитлар ҳозирлаш зарур. Таассуфки, фарзандларимиз келажагига масъул инсонлар йиллар давомида ўқитишдан ташқари бошқа ишларга кенг жалб қилиб келинди.

Rashid Karimov, [2024/11/11 15:36]
Эсласак, ўқув йили ибтидоси муаллимнинг ёзилмаган йиллик иш режасида пахта мавсумининг бошланишини англатарди. Қаҳратон қишга қадар давом этадиган бу мавсумни ўқитувчи ўз ўқувчилари билан бирга «ёлланма теримчи» сифатида далада ўтказарди. Баҳор бошланиши билан яна дала юмушларига жалб қилинарди. Бундан ташқари, ободонлаштириш, аҳолидан коммунал тўловларни йиғиш, қурилиш ишларида ҳам «дастёрлик» ўқитувчиларнинг зиммасида эди. Бу хизматлари учун эса арзимаган маош тўланарди. Муаллимнинг обрўйи, шаъни, қадри ҳаминқадар баҳолангани туфайли, аксарият ўқитувчилар ишини ташлаб, бошқа соҳага ўтиб кетди. Тизимда эркак ўқитувчилар деярли қолмади. Таълим сифати ва самарадорлиги, ўқитувчиларнинг сифат таркиби ҳам шунга мутаносиб эди.
Педагоглар меҳнатининг қадрланиши, эъзозланиши, ижтимоий ҳимояси кучайтирилиши уларнинг кучига куч қўшмоқда. Жумладан, 2024 йил 1-сентябрдан педагоглар ойлик маошининг 1,5 фоиз оширилгани соҳа вакилларини ниҳоятда хурсанд қилди.
Айнан адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш бўйича қатор мақсадлар белгиланган. Демак, таълим ислоҳотлари изчил давом этади. Янги ўқув даргоҳлари қурилади. Мавжудлари замон андозаларига мос таъмирланади. Таълим сифати, ўқитувчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари мунтазам кенгайиб боради. Зеро, бу ишларнинг натижаси таълим-тарбия сифатида, ёшларимиз камолотида намоён бўлади.
Мухтасар айтганда, жамиятни инсон ўзгартиради, таълим инсонни ўзгартиради. Таълимнинг марказида эса доим ўқитувчи туради. Демак, муаллимларнинг жамиятдаги ўрнини, ҳурматини жойига қўйиш, фаровон яшаши учун имкониятларни кенгайтириш борасидаги ишлар халқимизнинг азалий орзуси — янги Ўзбекистонни, учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Гавҳар Беркинова, 1-умумтаълим мактаби директори

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар