«АЁЛЛАР ДАФТАРИ»НИНГ 5-БОСҚИЧИ ШАКЛЛАНТИРИЛДИ
Олий Мажлис жамоат фонди гранд лойиҳаси доирасида
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини, айниқса кўмакка муҳтож хотин-қизларни ҳаётдан рози қилиш, муаммоларини манзилли ҳал қилиш энг муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилган. Бу борада ноёб тизим – «Аёллар дафтари» муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозир эса туманда ушбу тизимнинг 5-босқичи шакллантирилди.
«Аёллар дафтари»нинг 5-босқичини шакллантириш мақсадида тумандаги 17 332 та хонадонларга уйма-уй кирилиб, хотин-қизлар хатловдан ўтказилди. Хатлов жараёнида ижтимоий кўмакка муҳтож деб эътироф этилган 2450 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтари»нинг 5-босқичига киритилди.
«Аёллар дафтари» бўйича тузилган хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича туман комиссияси томонидан доимий равишда мониторинг олиб борилмоқда. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси маҳаллаларга масъул этиб белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туманда биргина 2023 йил давомида 989 нафар вақтинча иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар иш билан таъминланди. Вақтинча иш билан банд бўлмаган 161 нафар хотин-қизларга тадбиркорликларини йўлга қўйишлари учун 1 384 200 сўм кредит маблағлари ажратилди. 1450 нафар хотин-қизлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилди.
2023 йилда 1430 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилиб, уларга 974 миллион 420 минг сўмдан зиёд ёрдамлар кўрсатилган.
Эътиборлиси, бу борадаги саъй-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг глобал кун тартибининг барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунликда амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Жаҳон банки томонидан эълон қилинган индексда Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.
Баҳрулло САЙПУЛОВ.