Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК КУН

АСРЛАРГА ТАТИГУЛИК КУН

02 март 2024 йил
125
0

"Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир.
Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин!"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев

Муҳтарам юртбошимизнинг Хоразм вилоятига қилган навбатдаги ташрифини кузатар эканман, Уларнинг халқимиз бошида давлат раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунлариданоқ, азиз юртимиз сарҳадлари бўйлаб эринмасдан юриб ўз халқи, уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити ва каму-кўстини ўрганиш, шунингдек иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар ва маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан шахсан танишиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасидаги вазифаларни ҳудудларнинг ўзидаёқ белгилаш, ташкил этишни ўзининг қатъий иш тартибига айлантириб олганлиги Янги Ўзбекистонимизнинг кўплаб соҳаларда ниҳоятда тез фурсатлар ичида, алоҳида аҳамиятга молик тарзда изчил ва жадал суъратларда ривожланаётганлигининг энг асосий сабабларидан бири эканлигига бугун яна бир бор амин бўлдим.
Кўнглим ёришди. Қувондим. Фахрландим.

Фикрим ва сўзларим ҳақлигини эса, бугун ўз Йўлбошчисидан розилигини ифода этиш учун алқашга лойиқ сўз қидираётган азиз юртдошларим, уларнинг кўзларидаги қувонч, дуога очилган саноқсиз қўллар тасдиқласа не ажаб.

Гап шундаки, бугун Ўзбекистон Президенти янги объект ва лойиҳаларни ишга тушириш учун Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистоннинг Амударё туманига ташриф буюрди.

Амударё ва бугун унда қад кўтарган муҳташам кўприк ҳақида гап кетар экан, аввало бовурим, яқиним, жигарларим яшаётган юрт, гўзал ва бетакрор ўлка Қорақалпоғистон, ҳалол ва мард, танти ва меҳмондўст қорақалпоқ эли ва унинг тарихи ҳақида ҳам бироз тўхталгим келди.

Манбааларда қайд этилишича, ХХ аср бошига қадар Ўрта Осиё халқлари орасидаги этник чегаралар аниқ бўлмаган, шу боис ўзбек уруғлари осонликча қорақалпоқлар таркибига, қорақалпоқ уруғлари эса ўзбеклар таркибига қўшилиб кетаверган. Шу боис миллий чегараланиш жараёнида бугунги Қорақалпоғистон ҳудудида яшовчи қабилалар вакиллари сўров пайтлари ўзини гоҳ ўзбек, гоҳ қорақалпоқ деб аташган экан.

Ўзбеклар ва қорақалпоқларни яқинлаштирадиган яна бир жиҳат қабила-уруғчиликдаги умумийликдир. Қорақалпоқлар Манғит юртидан келиб чиққанини назарда тутсак, манғитлар ўзбеклар таркибидаги энг катта уруғ ҳисобланар экан. Бундан ташқари, Хоразм қўнғиротлар ҳам қорақалпоқлар, ҳам ўзбеклар таркибига қўшилган. Ўзбек ва қорақалпоқ қўнғиротлари эса, структураси ва келиб чиқиши жиҳатидан яқин қариндош ҳисобланиши қайдларда келтириб ўтилган.

Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз мумкинки, ХХ асрга қадар Ўрта Осиёда адабий тил тушунчаси ҳозиргидан бошқачароқ қабул қилинганлиги боис, ўзбеклар, қозоқлар, қорақалпоқлар бир-бирини этнос ёки қабилага қараб ажратганига қарамай, тилини ягона туркий тил деб билган ва ёзишда чиғатой тилидан фойдаланишган. Алишер Навоий даврида шаклланган бу адабий тилни минтақанинг барча туркий халқлари ўз ёзма тили деб қабул қилган.

XVIII асрдан етишиб чиқа бошлаган қорақалпоқ зиёлилари – Жиян жиров, Кунхўжа Иброҳим ўғли, Бердақ ва бошқалар Хива мадрасаларида ўқиб, қорақалпоқ тилида илк ёзма матнларни ярата бошлаган.
Қорақалпоқ тили фонетикаси ва грамматикаси жиҳатидан қозоқ ва нўғай тилларига яқин бўлишига қарамай, луғат жиҳатидан ўзбек тилига яқиндир.

Айтмоқчи эдимки, Қорақалпоқ ва Ўзбек халқи эт ва тирноқ каби яқиндир. Уларни ҳеч қачон бири-биридан ажратиб бўлмас. Биламизки, бундай ажралиш ўлчови улкан талофат билан тенг ва унинг азоби ғоятда оғир бўлмоғи аниқ.

Ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги азалий ишонч, юксак ҳурмат ва биродарлик ҳислари эса, юқорида қайд этганларимиз асосидаги тарихий ҳақиқатдир.
Буни, мамлакатимизда нимаики ижобий ислоҳотлар олиб борилаётган бўлса, ушбу янгиланишларнинг энг аввало Қорақалпоқ заминидан бошланаётганлигидан ҳам англаб етсак бўлади.

Энди асл мавзуга қайтсак.
Дарвоқе, Давлатимиз раҳбари бугун дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига борди ва янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Айтиш лозимки, ушбу кўприк ғоят улкан иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоотдир.
Президентимиз бу ҳақдаги ташаббусни 2020 йил 13 декабрь куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда илгари сурган эди. Шундан сўнг пухта лойиҳа ишлаб чиқилиб, катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари унинг қурилишини икки бор бориб кўрди.

Бугун эса, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти фаоллари иштирокида янги кўприкнинг тантанали очилиш маросими бўлди.

Президентимиз дастлаб поездда ва автомобилда юриб, кўприк сифатини кўздан кечирди. Жамоатчилик иштирокидаги йиғилишда бу лойиҳанинг самарадорлиги, аҳоли ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлади.

– Оролбўйи минтақасини, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш, аввало, экологик инқироз оқибатларини юмшатиб, мураккаб вазиятда яшаётган аҳолимизга қулай шароитлар яратиш мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Илгари ҳам айтганимдек, Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун Ўзбекистон халқининг бахти ва фаровонлигидир. Бугун мана шу эзгу мақсадни амалга ошириш йўлида яна бир улкан қадам қўймоқдамиз, – деди йиғилишда давлатимиз раҳбари.

Кўприк қурилган жой юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири. Шу пайтгача одамлар ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланиб келар эди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди.

Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.

Янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади.

Кўприкнинг узунлиги 423 метр. У билан бирга Шовот-Қораўзак бекатларини боғлайдиган 85 километрлик темир йўл ҳамда 3 та вокзал ҳам барпо этилди.

Бу иншоот самарасида йўлнинг ўтказиш қобилияти 4 баробарга ошиб, бир кеча-кундузда 12 минг автомобиль ҳаракатланади. Натижада 48 минг йўловчининг 2 соат вақти тежалади ва дарёдан хавфсиз ўтиши таъминланади дея таъкидлади йиғилишда давлатимиз раҳбари.

Кўприк икки тарафга қараб 24 жуфт поездни ўтказиш имкониятига эга бўлиб, бу орқали темир йўл масофаси 180 километрга, юк ташиш тезлиги эса 6 соатгача қисқаради. Бу эса маҳаллий юкларни ташиш ҳажмини йилига 2 баробарга ошириш, ташиш таннархини 2 баробарга камайтириш имконини беради. Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилади.

Шунингдек, Қораўзак конларидан тош энди поездларда ташилиши ҳисобига Оролбўйи минтақасидаги 4 миллион аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатувчи автомобиль йўллари сифатли сақланади. Бундан ҳам аҳоли, ҳам тадбиркор ва туристлар катта манфаат топади.

– Биз биргаликда бунёд этган бу муҳташам кўприк шунчаки навбатдаги инфратузилма иншооти эмас. Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, лойиҳачи ва муҳандисларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Аҳолига қулайлик яратишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.

Хусусан, бу йил Бухоро – Урганч – Хива, келгуси йилдан Мискин – Нукус темир йўли электрлаштирилади. Натижада Хива ҳамда Нукус шаҳарларига тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилади. Ушбу ҳудудлардаги аҳолининг мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларига бориб-келиши осонлашади. Бу лойиҳалар ҳисобидан транспорт харажатлари 2 баробар қисқариб, йўловчи ташиш 30 фоизга ошади.

Умуман, бундай йирик лойиҳалар Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг иқтисодий салоҳияти ошиши, инвестициялар оқими ва иш ўринлари кўпайиши, аҳоли даромадлари ўсишига хизмат қилади.

Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз ҳаётидаги ушбу тарихий бир воқеа муносабати билан барчани табриклаб, Оролбўйи ривожига эътибори учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолимизга муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Демак, ушбу икки қондош халқ ўртасида ҳатто қил ҳам ўтмаслиги лозим!
Зеро, бу икки халқнинг ҳам иймони бут, эътиқоди тоғларча мустаҳкамки, уларнинг дўстлигига ҳеч ким, ҳеч қачон раҳна сололмагай деб умид қиламан.

Бугун Амударёда чинданда асрларга татигулик кун бўлди!!!

З.Акрамова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар