Аёлларга нисбатан оилавий зўравонлик бутун дунёда, жумладан мамлакатимизда ҳам муҳим ижтимоий муаммодир.
Мамлакатимизда зўравонликнинг оилавий ва маиший, ижтимоий, руҳий, жисмоний, жинсий, тазйиқ ва иқтисодий турлари учраб турибди. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси тарқатган маълумотларга кўра, 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 нафар хотин-қизга, 2021 йилда эса оила турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 343 нафарига ҳимоя ордери берилган бўлса, 2023 йилнинг олти ойида мамлакатимизда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 18 704 нафар аёлларга ҳимоя ордери берилган.
Бу соҳадаги сезиларли ютуқларга эришишга қарамай, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳамон муаммолар бор. Шу нуқтаи назардан, ушбу мавзу муҳим аҳамиятга эга бўлиб, гендер тенгсизлиги ва аёлларнинг ижтимоий камситиш муаммолари фақат давлат томонидан олиб бориладиган ислоҳотлар орқали ва аёллар ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилишини тақиқловчи нормалар билан бажарилишини назорат қилишнинг самарали тизимисиз ҳал қилиб бўлмайди.
Айни кунда аёллар аҳолининг ижтимоий фаол тоифаси сифатида ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб бормоқда. Кейинги йиллардаги рақамлар иқтисодиётда банд бўлган аёллар сони барқарор ўсиб бораётганлиги ва эркаклар билан деярли тенглашаётганидан далолат беради.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу аввало Республикамиз Конституциясида аёллар ҳуқуқларининг конституциявий кафолати мустаҳкамланганлиги, халқаро ҳужжатларда бўлгани каби ички қонунчиликда ҳам жинс белгиси бўйича камситишнинг тақиқланиши тўғрисидаги қоида биринчи ўринга чиқарилганлигини таъкидлаш ўринлидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 12 апрелдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга асосан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишни ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишда қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи 9 та қонунга ҳамда жиноят, жиноят-процессуал, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, оила ва меҳнат кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Зўравонлик жамиятдаги инсонлар ўртасидаги тенгликни, эркинликни йўққа чиқарадиган энг ёмон иллат сифатида қарамлик, қуллик, бошқалар устидан ҳукм юритиш, уларни таҳқирлаш ва камситишга олиб келади. Шу боис, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни ўз вақтида аниқлаш ва уларни олдини олиш, чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш ва уларнинг содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.
Рашид КАРИМОВ.