«Ўзбекистон 2030» стратегияси
Бугун замон шиддат билан илгарилаб бормоқда. Бир лаҳза тўхтасангиз замондан, ривожланишдан ортда қоласиз. Шу боис доим изланиб, интилиб, ўрганиб яшаш керак. Бу тараққиётнинг бош қоидаси ва талаби. У эса ўз қоидаларига амал қилишни яхши кўради.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар ҳам замонга ҳамнафаслиги билан аҳамиятлидир.
Жумладан, дастурнинг 27-моддасида камбағал оилалар муаммоларини ҳал этиш орқали юртимизда камбағаллик даражасини камайтириш борасида аниқ вазифалар, масъуллар ва энг муҳими, молиявий манбалар белгиланган.
Кейинги йилларда аҳолини камбағалликдан чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини кўрсатаяпти. Бунда фуқароларни тадбиркорликка йўналтириш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ижтимоий сиёсатни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун ижтимоий ҳимоя агентлиги ташкил этилди.
Давлат дастурида оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича ишлаб чиқилган «Индивидуал дастурлар» доирасида камбағаллик даражасини 2024 йил якуни билан 10 фоизга камайтириш белгиланган.
Бу вазифани амалга ошириш учун айни пайтда Фориш тумани имкониятига кўра, дастур ишлаб чиқилди. Бунда камбағалликни қисқартириш учун нафақат фуқаролар бандлигини таъминлаш, субсидия бериш ёки имтиёзли кредит ажратиш, балки йўл транспорт, электр, алоқа, маҳаллаларни саноатлаштиришга ҳам эътибор қаратилган.
Маълумки, чекка ҳудудларда иш ўрни кам. Ҳозирги кунда олиб борилаётган ишлардан бири ўша ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш мақсадида аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ва шу ҳисобдан оилалар даромадини оширишга қаратилган. Бу билан биринчидан, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш кўпаяди, иккинчидан, фуқароларнинг бандлиги таъминланади ва қолаверса даромади ошади.
Давлат дастурида камбағал оилалар аъзоларининг 180 минг нафарини доимий ишга жойлаштириш, 320 минг нафарига имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратиш, 100 минг нафарини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш каби вазифалар ҳам белгилаб берилган.
Камбағалликни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этаётган омиллардан яна бири Президентимизнинг 2023 йил 23 февралдаги «Касаначиликни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромад миқдорида бир марталик субсидия ажратилиши бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрдаги «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишида янги иш бошлаётган хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш, такомиллаштириш ҳамда уларга услубий ёрдам бериш мақсадида таълим ташкилотларида тажрибали касаначи ва ҳунармандларни жалб этган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил қилиш белгиланган.
Жумладан, хотин-қизларни касаначилик ва ҳунармандчилик йўналишларида касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ харажатлар оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан тасдиқланган харажатлар сметаси доирасида молиялаштирилади. Бунда таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир битирувчи хотин-қиз учун сарфланган ўқитиш харажатларининг 70 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробаридан ошмаган қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 январга қадар касаначилик билан шуғулланаётган ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритилган фуқароларга асбоб-ускуна ва хомашё харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробаригача миқдорда бир марталик субсидия ажратилади. Бу эса чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларни камбағалликдан чиқаришда муҳим омил бўлади.
Бугун юртимизда камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг шароити ўрганилди, бандлиги таъминланмоқда, даромад манбаи яратиб берилди. Демак, галдаги вазифа уларни юқори даромадли ишларга жалб этиш, касбга йўналтириш, малакасини оширишдир.
Ушбу муҳим масала ҳам давлат дастурининг 29-моддасида фуқароларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш бўйича касбий кўникма ва малакасини ривожлантириш борасидаги вазифалар белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, узоқ йиллар олис ҳудудларда аҳолини бозор талаби юқори бўлган касбларга ўқитиш ишлари йўлга қўйилмади. Мана шу ҳам камбағалликни ошишига бир туртки бўлди десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Негаки, қўлида касб-ҳунари бўлган киши ҳеч қачон камбағал бўлмайди.
Бир сўз билан айтганда, давлат дастури камбағалликни қисқартириш соҳасида олиб борилаётган сиёсатни сезиларли даражада такомиллаштиради. Аҳоли турмуш даражасини ошириш ва камбағалликни сезиларли бартараф этиб, кўзланган мақсадга эришишда самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Рашид КАРИМОВ.