Олий Мажлис жамоат фонди гранд лойиҳаси доирасида
Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш борасида тизимли ва самарали ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Жумладан, гендер тенгликни таъминлаш борасида охирги бир неча йилда 50 га яқин, хусусан, 2023 йилнинг ўзида 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони ва 2 та қарори ҳамда ҳукуматнинг 6 та қарори қабул қилингани бунга мисол бўла олади.
Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда жинсий зўравонлик, жумладан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганларга нисбатан жавобгарлик чораси кучайтирилиши билан бирга, ушбу тоифадаги жиноятлар учун қонунчиликда кўзда тутилган енгилликлар берилмаслиги, жазони ўташда муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш, ярашганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш каби чоралар қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.
Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашлар, ғоялар ва чақириқларни тарқатиш бўйича маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизга оширишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Гендерга оид аудит ўтказилиши қонунчилик билан мустаҳкамланиб, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси томонидан шу аудитни ўтказиш услубияти ҳамда уч йиллик режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.
2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси доирасида сайлов жараёнларига хотин-қизлар ва эркакларни тенг асосда жалб қилиш, сайлов комиссияларини шакллантириш учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичида хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишни кузатувчи 11 та индикатор ишлаб чиқилди.
Бир сўз билан айтганда, гендер тенгликнинг ҳуқуқий асослари барча жабҳаларда мустаҳкамланмоқда.
Гулбаҳор ШАҲАРОВА,
туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлими мудираси.