Аёл – миллат келажаги, ҳаёт давомчиси, хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг бугунги ва эртаси фаровон бўлади.
Аёл меҳнати билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади. Шунинг учун мамлакатимизда хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг оғирини енгил қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда туманимиз аҳолисининг 49 фоизини, яъни 48375 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Айтиш жоизки, хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш масаласи, бугун мамлакатимизда энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш, касаначилик, оилавий тадбиркорликка кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, фарзандлар тарбияси, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган ишлар кўлами жамиятда хотин-қизларимиз ўрнини яна бир карра намоён этади.
Туманда хотин-қизларнинг ҳаёти ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу мақсадда туманда ўтган йили 989 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 161 нафар хотин-қизларга 1 384 200 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиб берилди. Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга 1450 нафар хотин-қизлар ўқитилди. Таълим даргоҳларида ўқиётган 11 нафар хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлаб берилди.
Туманда «Аёллар дафтари» борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йилда ижтимоий кўмакка муҳтож 2623 нафар хотин-қизлар «Аёллар дафтари»га киритилиб, уларга ҳар томонлама кўмак кўрсатилди. 1430 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга 974 420 000 сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. 73 нафар хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлашда амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Бу каби эзгу ишлар 2024 йилда ҳам давом эттирилмоқда. «Аёллар дафтари»нинг 5-босқични шакллантириш мақсадида тумандаги 25 та маҳаллаларда истиқомат қилаётган 17 372 нафар хотин-қизлар хатловдан ўтказилди. Уларнинг 2450 нафари «Аёллар дафтари»нинг 5 -босқичига киритилди.
Маълумки, 2023 йил 21 декабрдаги “Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди.
Фармон билан юртимиздаги ҳар бир аёл дарди билан ёниш, уларнинг йиллар давомида ўз ечимини тополмаётган муаммоларию оғриқларини бартараф этиш, шунингдек, оиласи ҳамда жамиятда керакли эканликларини ҳис этиб яшаши учун уларни ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланди.
2024 йилдан бошлаб хотин-қизларимизни тадбиркорликка йўналтириш, касаначилик ҳамда ҳунармандчилик йўналишларида уларни ўқитиш, тажрибага эга бўлиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун бепул ўқув курсларини такомиллаштириш тизимли йўлга қўйилиши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, “xotin-qizlar.uz” платформаси доирасида “Банд бўлмаган хотин-қизлар” модулининг яратилиши эса энг олис қишлоқлару овулларимизда яшаётган, бирор касб ва ёки ҳунар билан банд бўлмаган хотин-қизларимизни рўйхатга киритиш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш ҳам асосий вазифалардан этиб белгиланди.
Халқимизда оила муқаддас қўрғон ҳисобланади. Шу сабаб ҳам ушбу фармонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш, “урф”га айланиб бораётган зўравонликларни бутунлай бартараф этишга, оилавий ажримларнинг олдини олиш, шунингдек, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар чиндан зиддиятларга ҳамда катта кўнгилсизликларга олиб келадиган бўлса, суд томонидан ажримларни соддалаштирган ҳолда тезлаштиришни, мажбурий яшаш оқибатида келиб чиқаётган зўравонликларни йўқ қилишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш кераклиги таъкидлаб ўтилган.
Фармонда кўзда тутилган масалалардан яна бири жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш, гендер тенглик муносабатларида меъёрни сақлаб қолган ҳолда, соҳага тегишли бўлган самарали ишларни ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш лозимлиги белгилаб берилди. Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.
Ҳеч кимга сир эмас, қон-қонимизга сингиб кетган урф-одатлар, қадриятлар, одоб-ахлоқ мезонлари бевосита оилада шаклланади. Улғайиб келаётган ҳар бир ёш, аввало, ота-онасидан, бобо-бувисидан мана шу мезонлар асосида таълим-тарбия олади.
Халқимизда “қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор. Ўз навбатида оилада шаклланиб келаётган ҳар бир инсон жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, у эртага келажак пойдевори бўлиши лозимлиги, албатта, оилада сингдирилиб, уқтириб борилади. Бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган оила мезонлари – жамият мезонлари эканлиги яна бир бор исботланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, оилани мустаҳкам ушлаб туриш, келажак авлодни бенуқсон тарбиялаш бевосита оналаримиз, аёлларимиз, хотин-қизларимизга боғлиқ эканлиги барчамизга аён. Шундай экан, биз аввало, маънан етук, ақлан соғлом, фикратию сийратида дадиллик уфуриб турадиган, қатъият ва сабр-матонатли қизларимизни тарбия қилмоғимиз, уларни турли тўфонлардан гул каби асраб-авайламоғимиз лозим.
Миллий қадриятлар асосида камол топаётган қизларимизни бевосита илмли қилиш, уларни турли соҳаларда ўқитиш, касб-ҳунар эгаллаши, аввало, ўзи, оиласи учун пойдевор бўлса, иккинчи томондан жамиятда соғлом фикрловчи шахсларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Ўз айтар сўзига эга бўлган, бугун оиласи, маҳалласию жамиятда ўрнини топиб келаётган раҳбар кадрларнинг юзага келишига асосдир.
Оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳар доим эркак киши етакчи эканлигини англаган ҳолда гендер тенглик тамойили асосида етишиб чиқаётган кадрларимизнинг кўпайиши давлат ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Чунки биз ўз ғурурию шаънини ҳимоя қилолган Тўмарислар, ақл-заковатда тенгсиз бўлиб, дунё бошқарувида барчани бўйсундира олган Темурийлар салтанатининг асосий тиргаги, маслаҳатгўйи бўлган Бибихоним, ўз вафоси-ю садоқати билан дунёни лол қолдирган Нодираю Увайсийлар авлодимиз. Янги фармон, аввало, ўз қадр-қимматини чуқур англай олган, у ҳам чиройли бахтга муносиб эканлигини ҳис қилиши мумкин бўлган, ҳар доим Юртбошимиз эътибори ва эътирофида қадрланиб яшаётган хотин-қизларимиз сафи кенгайишига сабаб бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб туманимизнинг барча хотин-қизларини 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан табриклайман. Уларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик ва бахт тилайман.
Элнора УММАТОВА,
туман ҳокимининг ўринбосари,
оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.