Олий Мажлис жамоат фонди гранд лойиҳаси доирасида
Оила. Бу мавзу у пайдо бўлганидан буён энг долзарб бўлиб келган ва шундай бўлиб қолса керак. Чунки инсон мана шу кичик бир “жамият”, “Ватан ичра ватанда”да тарбия топади, унинг сифатларини намоён этади. Оила. Ҳозирги пайтда ўз мавқеини бироз тушурганга ўхшайди. Илгари ўзбек оилаларидаги нохуш ҳолатларга оға-инилар, яқинлар аралаша олар ва муаммони албатта биргаликда ҳал қилар эди. Ҳозир-чи? Ҳамма ўзича “олим”, “билимдон”, “доно”. Бу яхшиликка олиб келмаётгани барчага маълум.
Биз оилада 5 фарзандмиз. Тўрт ўғил ва битта қиз. Отам ва онам бу фоний дунёни тарк этишган (Аллоҳ уларни кўплар қатори ўз раҳматига олган бўлсин). Мен отам ва онамнинг бизга берган тарбияси ҳақида ёзмоқчиман (бундай оилалар бизнинг Гарашада жуда кўп). Онам кўп бемор бўларди. Касаллик айниқса қиш ойлари онамга тинчлик бермасди. Шундай кунларнинг бири эди. Отам ўзи ишлаган отарда қолган, бутун оила бир уйда ётар эдик. Онам бемор овозда акамни эрталаб уйқудан уйғотди:
– Сайфиддин!
– Сайфиддин, баландроқ овозда акамни чақирди. Акам уйқу аралаш жавоб берди.
– Ҳа, онажон!
– Тур, болам, сигирни соғ.
– Сигирингиз тепади, соғолмайман.
– Молхонага кирсанг менинг халатим илинган, ўшани кийиб ол, сигир индамайди.
– Хўп, дея челакни олиб молхонага жўнайди акам.
– Шавкат, тур, болам, уйда нон қолмабди, хамир қилиб юбор. Укам сергак ётар эди, ҳеч қандай эътирозсиз ўрнидан туриб ишга уннайди.
– Иш тақсимотининг навбати менга келди. Менга ўтин олиб келиб печкани ёқиш, тандирга қараш ва уйда нон қолмагани учун қўшниникига нонга чиқиш вазифаси юклатилди.
– Укамиз Акбар ҳали кичик бўлгани учун унга қўшни янгасини нонни ёпиш учун кейинроқ чақириб келиш тайинланди.
Эрталабки нонуштадан кейин ҳаммамиз мактабга жўнадик. Онам бемор овозда: “Биринг уйда қолмайсанми?”, деди. Биз 4 ака-ука бир-биримизга қарадик. Ҳаммамиз дарсдан қолмаслик баҳонасини излардик. Ҳақиқатан ҳам, илгари дарсларни яхши тайёрлаб, шеър ва луғатларни ёд олиб “4” ва “5” баҳо олишга, ўқитувчининг назарига тушишга, қисқаси устоз ва мактабни энг азиз билиб у ерга талпинардик. Шу куни мен мактабга бормадим. Онам қўшни шифокорни айтиб келишни тайинлади. Шифокор тоғамиз менга муолажа учун ишлатиладиган буюмларини берди ва уни керосинка (солярка, керосин билан ишлайдиган иситиш мосламаси)га қўйиб қайнатишимни ва ўзи бироздан сўнг боришини айтди. Онам бир-икки кундан кейин оёққа турди.
Отам совхоз (СССР пайтидаги хўжалик тузулмаси)да майда мол отарида Ёдгор бобо, Жумабой акалар билан ишлар эди. Бир куни кечқурун улар бизникига ялпиз барак егани келишди. Узоқ вақт оила, фарзандлар тарбияси, ўқиши ҳақида ҳангома қилишди. Шу куни бизлар ўқиган 79-мактабда ота-оналар мажлиси бўлиб ўтганди. Отамиз доимо ишда бўлганлиги сабабли йиғилишга онам қатнашарди. Йиғилишда онам бир гал юқорига – президиумга сайланганини ифтихор билан гапириб берарди.
Бирам ҳижолат бўлдим, деб гапини давом эттирди онам. Ҳамма болаларимизни мақташди. Агар ўқишини шундай аълога давом эттирса, Акбаримизга олтин медаль олиб берамиз дейишди. Шуҳратимизни бироз ўйинқароқ ва математика фанидан “оқсаётганини” айтди.
Отам менга ёвқараш қилди, аммо кулиб қўйди. Бу ўзингни ўнглаб ол, бола дегани эди. Шу куни кекса бувимиз дастурхонга узоқ дуолар қилди:
– Аввало Яратганга шукур, бизларни баҳорга етказганингга шукур. Илоҳим барчаларингни фарзандларинг илмли, зиёли бўлсин, халқига хизмат қилсин, орзуларинг ушалиб, бағрларингга шамол тегсин. Биз ака-укалар ҳам келажакда ўзимизни турли лавозим ва касбда тасаввур қилиб дуога қўшиламиз.
Бу оила доимо шундай силлиқ ҳаёт кечирган экан-да, деб ўйлаганингиз табиий, албатта. Отам ва онам гоҳида етишмовчилик юзасидан айтишиб қолар эди. Чунки бизлар бирин-кетин олийгоҳларга ўқишга кирдик, ундан кейин бизларни уйлантириш ва бошқа катта – катта йирик ташвишлар учун каттагина маблағ керак бўлар эди. Совхозда оддий чўпон бу даражадаги пулларни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганди. Оилавий муаммолар ҳафта, ойлар ўтиб изига тушиб кетар эди. Кейин билсак отам пул қарз олиб, ўз ишидан ташқари одамларнинг турли юмушларини: лой қилиш, ғишт қуюш, боғига ишлов бериш каби ишларини бажарар экан.
Ҳа, айтганча, биз тўртала ўғил фарзанд ҳам олий маълумотли бўлдик. Ягона синглимиз Санобар тиббиёт ҳамшираси. Отам ва онам қишлоқнинг энг намунали оилалари билан қуда тутунди. Ёдгор бобо ва Жумабой акамизнинг ҳам фарзандлари олий маълумотли ва эл ҳавас қиладиган оилалар бўлишди. Кекса бувимизнинг дуолари ижобат бўлди.
Ўғил бола бор уйда тўпалон ҳам кўп бўлади. Бизни уйда ҳам ака-укалар ўртасида тўпалон бўларди, гоҳида онамизни айтганини қилмай ўйинга берилардик. Шундай пайтлари онамдан дакки эшитардик (гоҳида онам йиғлар эди). Онамда бизни жазолаш учун оташкурак ва ўқлов доимо тайёр турарди. Онам аччиқланган пайтлари уларни бизга отар эди, аммо тегмасди.
Онам кўчадан биз ҳақимизда, келинлари ҳақида яхши гаплар эшитиб келарди. Бизга доимо оиладаги сирни кўчага чиқармаслигимизни тайинларди. “Овулга айтсанг ошади, қўшнингга айтсанг қўшади” деган мақолни тез-тез такрорлаб турарди.
Азиз фарзандларим! Отам ва онам (сизларга бобо ва буви) бунёд этиб кетган, жуда катта заҳматлар эвазига халқимиз наздида намунали бўлган оилани авайлаб асранг. У бизгача оқиб келаётган ва оқиши керак бўлган тиниқ маърифат чашмасига ўхшайди. Сиз уни лойқалатишга йўл қўйманг. Бундаги урф-одат, анъана, меҳнатсеварлик ва ҳурматни сақланг. Ва уни шундайлигича келажак авлодларга етказинг!
Шуҳрат САЙИТҚОСИМОВ,
80-ихтисослашган мактаб маънавий-маърифий
ишлар бўйича директор ўринбосари.