Олий Мажлис жамоат фонди гранд лойиҳаси доирасида
Аёл – жамият гултожи, борлиқ кўзгуси, миллат тарбиячиси. Унинг меҳр-муҳаббати навниҳолларни, эртамиз эгаларининг униб-ўсишига, камол топишига сабаб бўлади. Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади. Хотин-қизларни эъзозлаган, қадрлаган юртнинг эса бугуни ва эртаси шубҳасиз фаровондир.
Афсуски, гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари ҳақида ҳар қанча бонг урилмасин, хотин-қизларнинг орзуларига эришишида ҳали ҳам тўсиқлар мавжуд. Оқибатда кўплаб билимли, иқтидорли қизлар жамиятда ўрнини топа олмасдан, ўзига нисбатан феодалча муносабатларни “тақдир” сифатида қабул қилишга мажбур бўлмоқда. Ачинарлиси, улар бутун умр ўз ҳаётидан, атрофдагилардан норози бўлиб, ич-ичини кемириб яшашади. Оқибатда эса турли бедаво касалликлар орттирадилар, оилавий можаролар келиб чиқади.
Аслида аёллар қанча кўп илмли, касб-ҳунар эгалласа, жамиятдаги аксарият муаммоларга ечим топилади. Нима учундир бу ҳақиқатни кўпчилик тан олишни исташмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг илм олишлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Талаба қизларга таълим контрактини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит берилиши, магистратура босқичида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг тўлов шартнома пуллари, бакалавриатда таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бўлган қизларнинг контракт пуллари тўлаб берилаётгани ўқиш истагидаги барча қизларнинг орзулари амалга ошишига имкон беряпти.
Бироқ юқоридаги каби кўплаб тўсиқлар аёлларнинг жамиятда ўрнини топишига монелик қилмоқда. Кўпчилик оилалар келиннинг ўқишига, ишлашига қарши эмас. Фақат марҳамат қилиб, уй юмушларини ҳам бажариб қўйсин.
Ўзбек оиласида аёлга муносабатни ўзгартириш учун ҳали анча тер тўкишга тўғри келади. Бу муносабат тўғри шаклланмас экан, оилавий ажрашишлар ортаверади. Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш масаласи фақат Ўзбекистонга эмас, бутун дунёга тааллуқли муаммолардан. “Citi Global Insights и Plan International” ҳисоботларига кўра, 2030 йилга қадар қизларни ўрта таълим билан қамраб олиш 10 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ҳисоботда ҳар бир қизга ҳар куни бор йўғи 1,53 АқШ доллари миқдорида сармоя киритиш орқали мамлакат иқтисодий ривожига улкан ҳисса қўшиш мумкин.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, камбағал давлатларда яшовчи 85 фоиз қизлар ўрта маълумот олиш имкониятига эга эмас. Бошқа манбаларда эса планетадаги 120 миллион қиз мактабга бормаслиги айтилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда 15-19 ёшдаги қизларнинг 29 фоизи жинсий зўравонлик қурбони бўлаётганидан хавотирда.
Таҳлилларга кўра, дунёда ҳар 5 нафар қизнинг биттаси 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиқади. 24 ёшгача бўлган қизларнинг 64 фоизи ҳаёт учун муҳим бўлган билим ва кўникмаларга эга эмас. Ушбу муаммоларнинг ечими сифатида қизларни ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш таклиф қилинади.
Хўш, аёлларни ўқитиш жамиятга нима беради? Бу аввало, жамиятнинг иқтисодий ривожига хизмат қилади. Касб-ҳунарли қиз иш ҳақи олади, маҳсулот ишлаб чиқаради, хизматлар кўрсатади. Олий маълумотли аёлда ўрта маълумотли аёлга нисбатан кўпроқ ойлик олиш имконияти мавжуд. Аёллар ўз даромадининг 90 фоизини фарзандларининг таълим олиши, кийиниши ва жамиятда ўрнини топиши учун сарфлар экан. Шуларнинг ўзиёқ қизларни ўқитиш учун сабаб аслида.
Японларнинг “Бизга маълумотли оналарни беринг, биз сизга мамлакатни юксалтириб берамиз” деган даъватига барча мамлакатлар амал қилса арзийди. Халқимизнинг “Отаси тентакнинг биттаси тентак, онаси тентакнинг ҳаммаси тентак” деган мақоли бор. Дунё олимларининг илмий таҳлиллари ҳам онанинг IQ даражаси баланд бўлса, фарзандларнинг билим даражаси юқори бўлишини исботламоқда.
Ўзбек жамиятига билимли аёллар керак. Яъни газ, электр энергиясидаги муаммоларни ҳал қиладиган, иқтидорларни тарбиялайди, порахўрликка барҳам берадиган мардларни шакллантирадиган, аёлни оғир меҳнатдан холос қиладиган, хўрламайдиган ўғлонларни тарбиялайдиган аёллар.
Гулбаҳор ШАҲАРОВА,
туман адлия бўлими ФҲДЁ бўлими мудираси.