Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги тасарруфидаги Фориш туманидаги “Нурота” давлат қўриқхонаси ходимлари томонидан тақдим этилган ушбу суратларда қўриқхона ҳудудида яшовчи Северцов қўйлари ёки Қизилқум архарлари тасвирланган.
Қўриқхонада асосий муҳофаза этиладиган объектлардан бири Северцов қўйи ёки Қизилқум архарларидир. Бу турнинг тарихий тарқалиши Помир-Олой тоғлари таркибига кирувчи тоғлар қолдиқлари – Нурота, Оқтоғ, Молгузар, Туркистон, Зарафшон, Писталитоғ, Томдитоғ, Бўкантоғ тизмалари ҳисобланган. “Нурота” давлат қўриқхонасининг ташкил этилиши ҳисобига Северцов қўйлари ёки Қизилқум архарлари сақлаб қолинган. Ҳозирги кунда популяциянинг 80 фоизи қўриқхона ҳудудида учрайди.
Қўриқхона ходимлари бугунги кунда уни янада кўпайтириш чораларини кўришмоқда.
– Қўриқхонамиз ўз навбатида илмий тадқиқот муассассаси ҳам ҳисобланади, – дейди “Нурота” давлат қўриқхонаси экологик таълим, жамоатчилик билан алоқалар ва туризм бўлими мутахассиси Бахтиёр Қаюмов. Олимларимиз томонидан “Табиат солномаси”ни яратиш, Северцов архари турини кўпайтириш, унинг популяцияси ва экологияси мавзуларида илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.