Вазирлар Маҳкамасининг “Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси фаолиятини ташкил этиш ҳамда бюджет ташкилотларида молиявий назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Давлат молиявий назорати инспекцияси юридик шахс мақомига эга ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга оширишни автоматлаштириш мақсадида:
2022 йил 1 майдан бошлаб бюджет ташкилотларида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ходимларнинг банк пластик карталарига ўтказиш учун ходимлар рўйхати (давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно) Молия вазирлигининг ахборот тизимидан Марказий банкнинг ахборот тизими орқали тегишли тижорат банкининг ахборот тизимига фақат автоматлаштирилган тарзда электрон шаклда юборилади;
2023 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ташкилотларнинг ходимларига иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни автоматлаштирилган ҳолда ҳисоблашда Халқ таълими вазирлигининг тажрибаси жорий этилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотларининг бюджет сўровлари, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиёти бекор қилинади ҳамда уларни тўлиқ электрон шаклда расмийлаштириш тартиби жорий этилади, бундан давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар мустасно.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.