Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан солиқ идораларининг назорат функциясини сервис хизматларини кўрсатувчи идора функциясига алмаштириш вазифаси қўйилган эди. Натижада ўтган йиллар мобайнида солиқ идоралари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак кўрсатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Бу борада “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш олиб борилмоқда.
Айни кунда давлат солиқ идоралари тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш шўъбалари ташкил этилган. Фаолияти тўхтаган корхоналарнинг фаолиятини тиклаш, тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш ва ечим топиш, жойларда солиқ хизматларини кўрсатиш янги ташкилий тузилманинг асосий вазифасидир. Бу айниқса, энди иш бошлаган тадбиркорлик субъектларига ҳамда фаолиятини вақтинча тўхтаган корхоналарга кўмак кўрсатишда жуда самарали бўлмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг январь, февраль ойларида 137 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти бўйича телефон орқали ҳамда жойларга чиққан ҳолда сўровномалар орқали муаммо ва сабаблари ўрганилди. 66 та тадбиркорлик субъектларига кўмак кўрсатилди. 9 та тадбиркорлик субъектига қайта иш бошлаши учун ёрдам берилди. Натижада 10 та янги иш ўрни яратилди. 59 та янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига бухгалтериясини юритишга, солиқ ҳисоботлари ва солиқ турлари бўйича тушунчалар берилди.
Шўъба томонидан тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаган субъектларга бухгалтериясини оқилона юритишда амалий кўмаклашиш, ҳисоботларни тайёрлаш ва топшириш, бюджет билан муносабатларни тартибга солиш, электрон ҳисоб варақ – фактураларни юритиш, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш билан боғлиқ ўнлаб хизматлар кўрсатиляпти.
Шахбоз БОЗОРБЕКОВ,
туман давлат солиқ инспекцияси солиқ
тўловчиларнинг бухгалтерия
ҳисобини юритиш бўйича бош инспектори.
Камол НОРИНОВ,
туман давлат солиқ инспекцияси солиқ
тўловчиларнинг бухгалтерия
ҳисобини юритиш бўйича инспектори.