ЁШЛАР ИШЛАРИ АГЕНТЛИГИ ФОРИШ ТУМАН БЎЛИМИ БОШЛИҒИ ЮЛДАШЕВ ФУРҚАТ ЯШИНОВИЧНИНГ 2024 ЙИЛ “ЁШЛАР ВА БИЗНЕСНИ ҚЎЛЛАБ ҚУВВВАТЛАШ” ЙИЛИДА ФОРИШ ТУМАНИ ЁШЛАРИГА М У Р О Ж А А Т И
Ҳурматли ёшлар!
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал салоҳияти, иқтидори ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал тизим яратилди. Маҳаллаларда ёшлар етакчилари институтининг жорий этилганлиги эса сиз ёшларнинг мурожаатларингизни сизлар яшайдиган жойнинг ўзида ҳал этиш имконини бермоқда.
Бунинг натижасида, ўтган йилда:
туманимиздаги 25 та маҳаллада ёшлар баланси шакллантирилиб, 21 минг 17 нафар ёшлар билан индивидуал ишлаш тизими жорий этилди;
“Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 765 нафар ёшларга 1 млрд 355 млн сўмлик ижтимоий ва иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди;
ёшлар томонидан қилинган 1 минг 635 та мурожаатнинг 1 минг 635 таси (91 фоизи) маҳалланинг ўзида ҳал этилди;
709 нафар ёшларга тадбиркорлик лойиҳалари учун 14,8 млрд сўм имтиёзли кредит, 180 нафар ёшларга деҳқончилик учун 160,1 гектар экин майдонлари ажратилиб, уларнинг бандлиги таъминланди;
интеллектуал ўйинлар оммавий ҳаракатга айланиб, бу тадбирларга 4 минг 340 нафар ёшларимиз жалб этилди;
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасидаги 20 та бепул онлайн хорижий тил курсларида 2 минг 207 нафар ёшлар таҳсил олмоқда.
Ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги лойиҳа ва танловларда 22 минг 745 нафар ёшларимиз қамраб олинди.
Туманимизда 87 нафар жиноят содир этишга мойил бўлган ёшлар билан манзилли ишлашга қаратилган “Ҳаракатлар режаси” амалга оширилди. Уларнинг 20 нафари “Жасорат мактаби” ҳарбий ўқув йиғинига, 15 нафари “Ватанпарварлар” тарбия оромгоҳига жалб этилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча соҳаларда туманимиз ёшларининг ижтимоий фаоллиги ошганлигини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда туманимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар 43 минг 370 нафарни, 14-30 ёшдагилар эса 19 минг 944 нафарни (умумий ёшларнинг 45 фоизи) ташкил этмоқда.
Туманимиз ёшларининг қизиқишларини ўрганиш учун йил бошида маҳаллаларда ўтказилган хатлов натижалари асосида сизлар билан манзилли ишлаш бўйича 9 та йўналишда махсус комплекс дастур ишлаб чиқилди. Бугунги кунда уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 180 нафар давлат кўмагига муҳтож ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий масалаларини ҳал қилиш орқали уларнинг ҳаётини яхшилашга кўмаклашамиз;
Маҳаллалар кесимидаги “Ёшлар бандлик дастурлари” орқали 1 минг 196 нафар ишсиз ва битирувчи ёшларимизнинг бандлигини таъминлаймиз.
Шу мақсадда, 972 нафар битирувчи ёшларимизга иккита тил ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган битта касбни мукаммал ўргатиб, катта ҳаётга мустақил қадам қўйишларига асосий эътиборимизни қаратамиз.
Ўз навбатида, ёшларимизда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга биринчи навбатдаги муҳим вазифа сифатида қараймиз.
Азиз ёшлар!
Бу йил хорижда меҳнат қилаётган ҳамда хорижда ишлаш истагидаги ёшлар билан ишлаш бўйича янгича механизмларни жорий этиб, 3 минг 304 нафар ёшларни хорижий тиллар ва касбга ўргатиш орқали, ривожланган давлатларга мақсадли миграцияга жўнатиш ҳамда 1 минг 325 нафар ёшларга “Ёшлар дафтари” имкониятларидан ёрдам кўрсатиш чораларини кўрамиз.
Деҳқончилик қилиш истагини билдирган 100 нафар ёшларимизга 100 гектар сувли ва унумдор ерлардан ажратиш чораларини кўрамиз.
Маҳаллаларда жиноят содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан ишлаш бўйича “Ҳаракатлар режаси” асосида, йил якунига қадар ёшлар ўртасидаги жиноятларни икки баробар камайтиришни режалаштирганмиз.
Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Беш ташаббус олимпиадаси”га 14,3 минг нафар, ҳарбий ватанпарварлик тадбирларига 2 минг 220 нафар ҳамда бошқа лойиҳа ва танловларга 12 мингдан ортиқ ёшларни жалб қиламиз.
Туманда ёшларни Ай-ти соҳасига йўналтириш орқали юқори даромадли иш билан таъминлаш мақсадида, 4 минг нафар ёшларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида бепул ўқув курсларида ай-ти га ўқитиш, 20 нафар ёшларни "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида халқаро профессионал ай-ти сертификатларга ўқитиш орқали уларни ай-ти соҳасига йўналтиришни режалаштирганмиз.
Ушбу мақсадларимизни амалга ошириш учун туманимиз раҳбарияти кўмагида 1 та мактаб, 2 та спорт майдончалари барпо этилади, 1 та ёшлар сайилгоҳи, 1 та ёшлар ижод кўчаси, 1 та “Креатив парк”, 1 та “ай-ти” шахарчаси барпо этилади. Ёшларимиз ҳохиш истакларидан келиб чиқиб, уларнинг туну-кун фаолият юритиши таъминланади.
Шунингдек, туманимизда ёш авлоднинг сифатли таълим олиши, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Ҳурматли тенгдошлар!
Барчангизни туманимизда жорий йилда ёшлар билан ишлаш бўйича намуна яратиш, таклиф ва ташаббусларимизни биргаликда рўёбга чиқариш ҳамда Жонажон Ватанимизнинг тарақиёти йўлида бир тану-бир жон бўлиб ҳаракат қилишга чақирамиз.
Биз, ёшлар бу мақсадларимизга эришишда туманимиз ҳокимлиги ва барча раҳбарларининг қўллаб-қувватлашларига ишонамиз.