ГЕНДЕР ТЕНГЛИК: ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Олий Мажлис жамоат фонди гранд лойиҳаси доирасида
Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида саъй-ҳаракатлар тизимлаштирилгани эътиборга молик. Зеро, бу ишларни янги поғонага олиб чиқиш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.
Шу ўринда бу борада нималарга эришдик? деган савол туғилиши табиий. Бу борада гап кетганда, энг аввало, эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгилангани, хотин-қизлар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши таъкидланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати бекор қилингани, ички ишлар ва халқ банки тизимида улар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор лавозими жорий этилганини келтириш мумкин.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур тасдиқланди. У билан хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ҳамда иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди ва унинг ижроси таъминланмоқда.
Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда вояга етаётган қизларга олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун 4 фоизли квота ажратилди. 2022 йил 9 февралдан аёлларга пенсия ҳисоблашда болани парваришлаш таътилида бўлган даврини қўшиб ҳисобланадиган иш стажи даври 3 йилдан 6 йилга оширилди. 2022 йил сентябрь ойидан хусусий корхона ва тшкилотларда аёлларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси белгиланди. 2022 – 2023 ўқув йили олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда ўқиётган хотин-қизларнинг таълим шартномасини тўлаш учун фоизсиз таълим кредитлари жорий қилинди, магистратура босқичида ўқиётган хотин-қизларга шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тартиби белгиланди.
Эҳтиёжманд оилалар вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар таълим шартномаларини маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартсиз қоплаш тартиби йўлга қўйилди. Айни вақтда алимент тўловлари жамғармаси ташкил этилиб, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтириш амалиёти жорий этилди.
Ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва ишбилармонлик соҳасида аёллар ролини тубдан оширишга ҳам урғу берилаётир. Натижада ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш бўйича ўзига хос тизим яратилди.
Агар 2016 йил юртимизда раҳбар аёллар сони 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 12 фоизни, 2022 йилда 27 фоизни ташкил этди.
Бир сўз билан айтганда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ўртасида тадбиркорликни кенг ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Рашид КАРИМОВ.