ҚИЗАМИҚ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра эмлашдан бош тортганлар ҳисобига, 2023 йилда дунёда ва Европа минтақасида қизамиқ бўйича эпидемиологик вазият кескинлашди. Маълумотларга кўра, Украинада 23070, Сербияда 4954, Францияда 2576, Грецияда 2476, Италияда 2020, Россияда 1396, Грузияда 1128, Aфғонистонда 2105, Тожикистонда 300 дан ортиқ, Қозоғистонда 169 нафар беморларда қизамиқ аниқланган.
ОАВда берилган хабарларга кўра Ўзбекистонда, 2023 йил июль ойи ҳолатига кўра, қизамиқ касаллигига шубҳа қилинган 306 нафар беморнинг қон намуналари вирусологик лабораторияга юборилган. Улардан 164 нафарида қизамиқ касаллиги аниқланган.
Қизамиқ қанчалик хавфли? Қизамиқ қандай касаллик, унинг пайдо бўлишига нималар сабаб бўлади, даво чоралари қандай?
Қизамиқ – ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардалари, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши билан xарактерланади. Касаллик қўзғатувчиси вирус ҳисобланишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда тупугининг майда томчилари орқали ҳавога тушади, кейин нафас йўллари орқали соғлом боланинг организмига ўтиши билан хавотирли. Шу ўринда қизамиққа одатда ҳамма кишилар берилувчан бўлишини унутмаслик лозим.
Касалликдан сўнг иммунитет қолади. Касаллик 4-босқичда кечиб, яширин даври эса 6-18 кундир. Унутмаслик керакки, касаллик белгилари деярли сезилмайди. Продромол давр инкубацион даврдан кейин 3-4 кун давом этади. Касаллик ўткир бошланиб, тана ҳарорати кўтарилади, бемор қуруқ йўталади, тумов бўлади, кўзи қизариб, ёшланади, товуши бўғилиб қолади, ёруғликка қарай олмайди. Бу даврда лунж шиллиқ қаватида тошма тошишдан 2-3 кун олдин қизил майда оқ доғлар пайдо бўлади. Тошма тошгандан кейин 1-2 кунда йўқолиб кетади. Юмшоқ ва қаттиқ танглайнинг шиллиқ пардасида энантема майда қизил доғлар пайдо бўлади. Табиийки, боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади, уйқуси, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи кетади.
Катта ёшли болаларда бу жараён қандай кечишига ҳам эътибор қаратсак. Бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади. Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмалайди, томоғи қизаради. 4-6 кунга келиб ўзига xос қизил, йирик доғ тошмалар тошади, бир неча соатдан сўнг бутун юзга ёйилади. Тошма иккинчи куни баданга, 3-куни қўл-оёқа тарқалади. Қизамиқда тери нам бўлиб, бир оз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигар ранг доғларга айланади. Зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолади. Кизамиқ 2 ёшгача бўлган, шунингдек, бошқа ёшдаги нимжон болалар учун айниқса xавфли. Шу сабабдан уларни қизамиқдан жуда эҳтиёт қилиш керак.
Яна шуни қайд этиш лозимки, фарзандларимиз мазкур касалликларга қарши эмланса, ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатлар бартараф этилади.
Касалликнинг олдини олиш учун беморни соғлом болалардан ажратиб қўйиш зарур. Қизамиқка қарши эмлаш муҳим аҳамиятга эга. 1967 йилдан бошлаб республикада қизамиққа қарши ёппасига эмлаш жорий этилган, шу боис касаллик аҳён-аҳёнда бир кузатилади.
Қизамиқ билан оғриган болалар уйда, оғирроқ ҳолларда, асорат келганида касалхонада даволанади. Асосий аҳамият комплекс даволаш чора-тадбирларига қаратилади. Санитария-гигиена шароитларини яхшилаш, бемор бўлган хонанинг ҳавосини тез-тез алмаштириб туриш ва тўла-тўкис овқатланишига эътибор бериш зарур.
ЖССТнинг маьлумотларига кўра бутун дунёда ва Европа ҳудудида қизамик-қизилча бўйича эпидемиологик вазият мураккаблигича қолмоқда. Қўшни давлатларда Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлатларида қизамиқ касаллиги билан касалланганлар рўйхатга олиниб, касалликнинг 80 фоизини 5 ёшгача бўлган болалар ташкил қилган. Аҳоли ўртасида қизамиқ ва қизилча касаллигини тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1 ёшли болалар ва 6 ёшдаги болалар эмлаш календарига асосан эмланмоқда.
Rashid KARIMOV, [2023/07/28 12:15]
Ҳурматли ота-оналар қизамиқ ва қизилчага қарши эмлаш тадбирлари тумандаги 15 та эмлаш пунктларида (КТМП, ОШП, ОП) ўтказилиб борилади. Барча эмлаш пунктларига етарлича қизамиқ ва қизилчага қарши вакцинаси етказиб берилган. Агарда режали эмлашларни ўз вақтида олмаган, (тиббий чеклови бор ёки бошқа сабаб билан эмлаш олмаганлар ёки ҳаёти давомида фақат бир марта эмланганлар яна бир марта қизамик касаллигига қарши эмланишлари шартдир. Ҳар бир фуқаро қизамиқ ва қизилчага қарши 2 маротаба эмланиши керак. Эмланган фуқораларда албатта қизамиқ касаллигига қарши иммунитет хосил бўлади, касаллик юқмайди, юқиши эҳтимоли бўлганда ҳам жуда енгил ўтади.
Ҳурматли ота-оналар! Сиз ўз фарзандингиз соғлиги ва келажагига бефарқ бўлманг!
Флюра СУЛТОНОВА,
туман СЭО ва ЖС эпидемиология ва иммунология бўлими мудири.