Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ИНВЕСТИЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ САРИ ЙЎЛ

ИНВЕСТИЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ САРИ ЙЎЛ

15 июль 2023 йил
248
0

Давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланиши, аҳолининг доимий иш билан таъминланиши, уларнинг  даромадларининг ошиши, турмуш шароитларининг яхшиланиши кўп ҳолатларда иқтисодиётга жалб қилинаётган инвестиция маблағларига боғлиқ. Шу жиҳатдан, ҳар бир мамлакат инвестицияга иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида эътибор қаратилиб, миллий иқтисодиётига кўпроқ инвестиция маблағларини жалб қилишга интилади.

Юртимизда ҳам инвестицияларни жалб қилиш, хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, янги ишлаб чиқаришлар ва иш ўринларини ташкил этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошрилмоқда.

Сўнгги олти йилда инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизидан оширишга эришилди. Кенг кўламли ва самарали ислоҳотларимиз натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида ҳам тармоқ ва ҳудудлардаги инвестиция кўрсаткичлари, лойиҳаларнинг ижроси ва йил якунигача бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Эътиборлиси, мазкур йиғилишда, давлатимиз раҳбари мавзу муҳокамасида йилнинг ўтган олти ойида республикамиздаги саноқли фаол инвестициялар ўзлаштирилган шаҳар ва туманлар қаторида Фориш туманини ҳам  тилга олдилар. Бу бежизга эмас албатта.

Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Форишда ҳам саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик йўналишларида кўплаб янги лойиҳалар амалга оширилди.  Хорижий инвестиция жалб қилиш, экспорт ҳажми ошди. Туманнинг иқтисодий кўрсатгичлари юксалмоқда. 

Агар  Форишнинг  яқин тарихига назар ташласак,  вилоятининг энг қолоқ туманларидан бири эди. Аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланар, ишлаб чиқариш, саноат деярли йўқ эди. Инвестиция жалб қилиш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўларди.

Аммо янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар сабаб, бугун Фориш тумани мамлакатимизнинг чин маънода ривожланаётган туманларидан бирига айланди.

Мисол учун, жорий йилнинг январь-июнь ойларида туманда жами 110,1 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар ўзлаштирилди. Бу кўрсаткич, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 99 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан эса 140 фоизни ташкил этди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган давлатлар сони 2021-2022 йилларга нисбатан сезиларли равишда ошди.

–  "BASALT WOOL" МЧЖнинг базальтдан минерал плиталар ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида 44,8 млн. доллар, “Жиззах цемент” МЧЖ ХКнинг цемент ишлаб чиқариш лойиҳасида 20,0 млн. доллар, “ROCKFIBER” МЧЖнинг узлуксиз базальт тола (ровинг) ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этиш доирасида 36,3 млн. доллар хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар жалб этилди, – дейди Фориш туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Темур Садуллаев.  – Жорий йил якуни билан жами 248,3 млн доллар тўғридан-тўғри инвестициялар ва кафолатланмаган хорижий кредитлар ўзлаштирилиши таъминланади ва 2022 йилга нисбатан ўсиш суръати 121 фоизга етказилади. Қўшимча топшириқга кўра, “ROCKFIBER” МЧЖнинг узлуксиз базальт тола (ровинг) ишлаб чиқариш лойиҳасини ташкил этиш доирасида 36,3 млн. доллар, “Жиззах авантаж плюс” МЧЖда  цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасида  лойиҳа доирасида 40 млн. доллар хорижий инвестициялар ва хорижий кредитлар ўзлаштирилади.

 Туманда 2023 йилда жами қиймати 3,7 трлн. сўмлик 42 та лойиҳаларда 974 та иш ўрни, шундан инвестиция дастурлари доирасида 3,6 трлн. сўмлик 21 та лойиҳада 853 та иш ўрни яратилиши белгиланган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида умумий қиймати 1,6 трлн. сўмлик 6 та (150 фоиз) ҳудудий лойиҳалар ишга туширилиб, 288 та иш ўринлари яратилган.  Жумладан, "ROCKFIBER" МЧЖ ҚК томонидан 583 млрд. сўмлик узлуксиз базальт тола (ровинг) ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб 205 нафар иш ўринлари яратилган бўлса, “GOLDFIBER PRO” МЧЖ томонидан умумий қиймати 981 млрд. сўмлик базальт толасини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, 51 нафар янги иш ўринлари яратилган.

– Фориш туманида 2023 йил учун 13 млн. 248,3 минг доллар миқдорида экспорт прогнози белгиланган, шундан 11 млн. 889 минг доллар саноат маҳсулотлари ва 1 млн. 359,3 минг доллар қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади. Бу 2022 йил амалга оширилган экспортга нисбатан 1,5 бароварга кўп ҳисобланади, – ўз сўзини давом эттиради ҳоким ўринбосари. – 2023 йилнинг 1 ярим йиллик учун 3 млн. 338,2 минг доллар (шундан, саноат маҳсулотлари 2 млн. 271,1 минг доллар ва қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотлари 1 млн. 67,1 минг доллар) миқдорида маҳсулотлар ва хизматлар экспорти прогнози белгиланган бўлсада, амалда 3 млн. 478,5 минг доллар миқдорида экспорт амалга оширилди ва  прогноз ижроси 104,2 фоизга таъминланди.

Саноат маҳсулотлари экспорти 3 млн. 235,8 минг доллар ёки 143 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 242,7 минг доллар ёки 23 фоизга таъминланди.

Жумладан, ("BASALT WOOL" МЧЖ ҚК 1 млн. 035 минг доллар, "BASFIBER TRADE" МЧЖ 657,7 минг доллар, "ROCKFIBER" МЧЖ" 452,8 минг доллар, "KARBONAT" АЖ 548,5 минг доллар, "STONERICH"МЧЖ 176,0 минг доллар, "GEOBASALT PRODUCTS" МЧЖ 252,0 минг доллар, "PREMIUM STONE SPECTECH SERVICE" МЧЖ 11,2 минг  доллар, "Shoh 171" ХК 85,6 минг доллар, "Shox Super Fish" ХК 9,5 минг доллар, "ECOBASALT GROUP" МЧЖ ҚК 7,7 минг доллар) саноат маҳсулотлари,  "JIZA NIHOL GROUP INVEST"МЧЖ томонидан 132,7 минг доллар,  "Forish agro export-import agrofirmasi" МЧЖ томонидан 110,0 минг АҚШ доллари миқдорида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.

Йил якуни билан 13,2 млн. доллар экспорт кўрсаткичи ижроси таъминланади.

Дарҳақиқат, Фориш туманининг ижтимоий иқтисодий ривожланиши учун улкан имкониятлари мавжуд. Давлатимиз раҳбари бундан беш йил олдин туманга ташрифи чоғида “Ўзи Фориш имкониятлари бўйича энг бой туманлардан бири. Лекин ҳозир бошқа ҳудудлардан бироз орқада. Бу ернинг қишлоқ хўжалиги, геология, қайта ишлаш соҳаларидаги имкониятларини тўғри ишга солса, аҳоли фаровонлиги, маҳаллий бюджетни ошириш мумкин.” деб таъкидлаган эди. Форишликлар давлатимиз раҳбарининг мазкур иқтибосидан илҳомланиб, белни маҳкам боғлаб, бугун турли соҳаларда қўлга киратаётган улкан ютуқлари билан ушбу сўзларнинг тўғрилигини, дарҳақиқат Фориш тумани кенг имкониятлар майдони эканлигини исботламоқдалар. Ислоҳотлар натижасида Фориш тумани беш йил олдинги дотация олувчи тумандан, ўз-ўзини таъминловчи, қолаверса туман бюджетини ортиғи билан бажариб, қолган маблағлар ҳисобига кўплаб лойиҳаларни молиялаштиришга қурби етадиган иқтисоди бақувват туманга айланди.

Биргина туманнинг инвестициялар жалб қилиш борасидаги ютуқлари ва имкониятларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, туман яқин орада Ресрубликамизнинг энг ривожланган туманларидан бирига айланади.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар