ФОРИШ ТУМАН ҲОКИМИ ИКРОМ СИНДАРОВИЧ МАТИЕВНИНГ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, муҳтарам юртдошлар! Қадрли дўстлар!
Сиз азизларни, Сизлар орқали барча халқимизни шарқона янги йил – Наврўз байрами билан табриклайман.
Нуроний отахон ва онахонларимизга, мунис опа-сингилларимизга, шижоатли ёшларимизга ўзимни ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутган янгиланиш ва яшариш байрами – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин. Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!
Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида ўтмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Халқимиз неча асрлардан буён Наврўзни инсонийлик, меҳр-оқибатни мустаҳкамловчи, тўкинчилик байрами сифатида нишонлаб келмоқда.
Барчангизга маълумки, Наврўз – янги кун, янги фасл демакдир. Наврўз келиши билан деҳқон фермерларимиз улкан ниятлар билан янги меҳнат мавсумини бошлаб юбордилар. Фурсатдан фойдаланиб биз уларга йилимиз қутлуғ келсин, етиштирадиган ҳосилингиз мўл бўлсин деб тилак билдирамиз.
Умуман туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг хилма-хиллигини кўпайтириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқимиз дастурхонини тўлдириш асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида жонажон юртимиз бугун ўз миллий тараққиётининг янги даврига қадам қўйди. Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Бугун «Халқ манфаати ҳамма нарсадан улуғ», «Инсон қадри учун», «Давлат – инсон учун» деган эзгу ғоя, амалий ишлар билан ўз тасдиғини топмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг қарори асосида 13 та маҳаллаларда 16 та лойиҳа жами 60 миллиард сўмлик муаммоли масалалар ҳал қилиниб, маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланади.
Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ёрдамга муҳтож инсонлар ва оилаларга чинакам кўмак ва ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳаётимиз қоидасига айланиб қолмоқда.
Муҳтарам дўстлар!
Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда. Барчамизга аёнки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарори билан 21 март – бутун дунёда «Халқаро Наврўз» куни сифатида кенг нишонланмоқда.
Ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларимизни йўқлаб, дуосини олиш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, ҳашарлар уюштириш, юртимизни янада обод қилиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига-файз қўшмоқда.
Туманимизда ҳам Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси асосида бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу йил кўклам туманимиз бўйича яшил боғлар, яшил майдонлар ташкил этиш, йўл четлари, ариқ бўйларига жами 686 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишимиз лозим.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу умуммиллий лойиҳада фаол иштирок этишга чақираман.
Азиз юртдошлар!
2023 йилда ҳам “Боғдон” шаҳарчасининг архитектура қиёфасини янгилаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда.
Фориш туманида мамлакатимизга таниқли атоқли давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиққан. Ана шундай инсонлардан бири Ўзбекистоннинг саноати, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларини мисли кўрилмаган даражада юксалтиришга салмоқли хисса қўшган Шароф Рашидовнинг садоқатли шогирди таниқли давлат ва жамоат арбоби Нормахаммади Жўраевич Худойбердиевдир. Биз бундай инсонлар билан хар қанча фахрлансак арзийди.
Туманимизда Муҳтарам Президентимизнинг топшириғига асосан таниқли давлат ва жамоат арбоби Нормахаммади Жўраевич Худойбердиевнинг 95 йиллигини кенг нишонлашга ҳозирлик кўрилмоқда. Хотира майдонида Нормахаммади Жўраевич Худойбердиевнинг бюсти ўрнатилмоқда.
Халқимиз томонидан келиб тушган мурожаат ва таклифлар асосида тумандаги маҳаллаларда яъни «Учқулоч» ва «Қўлба» маҳаллаларида «Обод қишлоқ» дастури доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.
Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2023 йил 10 февралдаги вилоятимизга ташрифи чоғида белгилаб берилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш бўйича туманда бу йил янгидан 3 триллион 442 миллион сўмлик 20 та лойиҳалар амалга оширилади. 1240 та янги иш ўринлари яратилади.
Туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак» деган сўзларининг ҳаётдаги амалий ифодаси, сўз билан иш бирлигининг ёрқин намунасидир.
Қадрли дўстлар!
2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз ҳаётида катта бир сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Конституциямиздаги моддалар сони 128 тадан 155 тага оширилмоқда. Умуман амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда. Ўйлайманки, барча форишликлар ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этадилар.
Азиз юртдошлар!
Бугун қутлуғ байрамни нишонлар эканмиз дунёда тинчлик ва хотиржамлик бўлишини, халқимиз тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини тилаймиз.
Кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшашимиз кераклигини яна бир бор англаймиз. Юртимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар кўклам, Наврўз каби ҳаётимизга, кўнглимизга илиқлик бахш этмоқда.
Қадрли отахон ва онахонлар!
Муҳтарама опа-сингиллар!
Ҳурматли ака-укалар, навқирон ёшлар!
Қадимий ва гўзал байрамимиз – Наврўзи олам билан яна бир бор табриклайман.
Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, Янги Ўзбекистонимизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахту саодат ҳамда файзу барака олиб келсин!
Илоҳим, жамики улуғвор мақсадларимиз, яхши ният ва улкан режаларимиз рўёбга чиқсин!
Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти ҳамиша фаровон бўлсин!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Тавсия этамиз:
