АҲОЛИ НОРОЗИЛИГИГА САБАБ БЎЛУВЧИ ҲОЛАТЛАРГА БАРҲАМ БЕРАЙЛИК
Фориш туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари ва бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар ходимлари билан биргаликда тумандаги йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи йўналишсиз такси ҳайдовчилари ўртасида нарх-навони асоссиз оширмаслик, йўловчилар билан хушмуомалада бўлиш, аҳоли норозилигини келтириб чиқарувчи ҳолатларга йўл қўймаслик, ўз фаолиятлари давомида йўл қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, тарғибот тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ- 4742-сонли, 2022 йил 7 июлдаги “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги ПҚ-311-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги “Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги
636-сонли қарорлари мазмун моҳияти тушунтириляпти.
Ушбу қарорларга кўра ҳайдовчилар енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш фаолияти билан шуғулланишини қонуний тартибга солиш, уларнинг фаолиятини лицензиялаш белгилаб қўйилган. Эндиликда енгил автомобили ҳайдовчилари йўловчи ташиш фаолиятини қонуний амалга ошириш учун давлат хизматларига ариза топширган ҳолда, БХМнинг 2 баробари миқдорида давлат божи тўлаб лицензия олишлари мумкин. Шунингдек, ҳайдовчилар солиқ идораларида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш учун БХМнинг 1 баробари миқдорида йиллик ижтимоий солиқларни тўлов қилиб, ўзини-ўзи банд қилган ҳолда фаолиятини давом эттиришлари мумкин. Ушбу солиқлар тўлиқлигича фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йўналтирилади.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Тавсия этамиз:
