“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ЯРАТГАН ИМКОНИЯТЛАР
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан туманда ташаббусли бюджет лойиҳалари доирасида амалга оширилган ва оширилаётган ишлар юзасидан туман молия бўлими бошлиғи Шукур Қорабоев билан мулоқот ўтказилди.
– “Ташаббусли бюджет” жараёнида ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик сув таъминоти, ёритиш тизимларини янгилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, оқова сув тизимини тартибга келтириш, болалар ёки спорт майдончаларини барпо этиш, ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ёки моддий-техник базасини шакллантириш каби таклифлар инобатга олинади, – деди мулоқотда Шукур Қорабоев.
– Президентимизнинг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бу борадаги механизм янада такомиллаштирилди.
Туманда ташаббусли бюджетнинг биринчи босқичида ғолиб бўлган “Нарвон” маҳалласидаги ички йўлларга асфальт қоплама ётқизиш учун 1080,0 миллион сўм, “Қўлба” маҳалласида жойлашган 12-умумтаълим мактабига спорт майдончаси қуриш учун 580 миллион сўм, Амир Темур номли 55-умумтаълим мактаби 145 миллион сўм, “Қораабдол ота” маҳалласида жойлашган 67-умумтаълим мактаби 500 миллион сўм, “Хонбанди” маҳалласида жойлашган 59-ихтисослаштирилган 59-умумтаълим мактаби 650 миллион сўм, “Осмонсой” маҳалласи ҳудудидаги Баландосмон қишлоғидаги электр таянчларини алмаштиришга 120,0 миллион сўм, “Хонбанди” маҳалласини ободонлаштириш ва ички йўлларига асфальт қоплама ётқизиш учун 600,0 миллион сўм молиялаштирилди. “Ташаббусли бюджет” нинг биринчи босқичида ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш учун 3675,0 миллион сўм йўналтирилди.
2022 йил 15 июлдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг иккинчи босқичи бошланган эди. Ушбу жараёнда Мусоқул Оролов номли маҳалланинг ички йўлларига асфальт қоплама ётқизиш лойиҳаси 1200, 0 миллион сўм, “Гараша” маҳалласидаги Ўртабулоқ, Кориз қишлоқларидаги йўлга асфальт қоплама ўрнига цемент-бетон қоплама ётқизиш лойиҳаси учун 1080,0 млн сўмлик таклифлар ғолиб бўлди. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун 2280,0 сўм йўналтирилди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаларида фуқароларимиз ўз таклифлари билан фаол иштирок этишмоқда.
Мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишиб, тегишли жавоб олдилар.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Тавсия этамиз:
