Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ФОРИШ ТУМАН ҲОКИМИ ИКРОМ СИНДАРОВИЧ МАТИЕВНИНГ 1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

ФОРИШ ТУМАН ҲОКИМИ ИКРОМ СИНДАРОВИЧ МАТИЕВНИНГ 1 ОКТЯБРЬ – ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

30 сентябрь 2022 йил
168
0

Ассалому алайкум азиз ўқитувчилар, устоз мураббийлар!
Аввало Сизларни, таълим соҳасининг барча ходимларини умумхалқ байрам – 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклайман!
Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинаккам фидойилик кўрсатаётган азиз инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир.
Азиз устозлар!
Бугунги шиддатли замон олдимизга мураккаб вазифаларни қўймоқда. Авваламбор, ёшларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият билан қуроллантиришимиз керак. Буюк аллома, юртдошимиз Абдулла Авлоний “Тарбия, биз учун ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир” деб бежизга айтмаган. Ушбу фикрдан хулоса шуки, фарзандлар таълим-тарбиясида узвийликни таъминлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шартидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя илгари сурилди.
Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Шулар инобатга олиниб, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 апрелдаги фармони билан Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш консепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.
Бугунги кунда туманимизда 65 та умумтаълим мактаби, 1 та касб-ҳунар мактаби, 1 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 та «Баркамол авлод» болалар маркази, 1 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 17 та давлат тасарруфидаги, 6 та хусусий шерикчилик асосидаги, 60 та уй ва оилавий мактабгача таълим муассасалари, жами 83 та мактабгача таълим муассасаларида фарзандларимизга таълим-тарбия берилмоқда.
Уларда бугунги кунда икки мингдан зиёд педагог мураббийлар фаолият кўрсатиб келмоқда. Фарзандларимизнинг мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси 80,8 фоизга етди.
Янги ўқув йили олдидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига асосан туманда Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини йўлга қўйиш учун тумандаги собиқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биноси танлаб олиниб, бугунги кунда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу ихтисослаштирилган мактабда 30 нафар малакали ўқитувчилар ёшларга таълим-тарбия беришмоқда.
Ўқувчиларга пухта билим бериш, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириб бориш мақсадида ҳар бир мактаб рейтингини ҳамда шу асосда таълим сифати бўйича туман, шаҳар ва вилоятлар рейтинги ишлаб чиқилди.
Рейтинг натижаларига қараб, мактаб директорлари ва ўринбосарлари, ўқитувчилар ва уларнинг таълим бўйича маслаҳатчилари фаолиятига баҳо берилади.
Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Кенг кўламли ислоҳотларимизнинг самарали амалга оширишда улар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Бу йил туманимиздаги умумтаълим мактабларини 933 нафар ёшлар битирган бўлса, уларнинг 214 нафари олий таълим муассасалари талабалари бўлишди.
Бугун биз туманимизда халқ таълими соҳасини ривожлантиришда самарали меҳнат қилиб, умрини, меҳнат фаолиятини ёшлар таълим-тарбиясига бахшида этиб келаётган Севинч Очилова, Тўлқин Фозилов, Ҳайитбек Билолов, Нуржаҳон Раҳматов, Мамадиёр Сунатов, Гулжаҳон Эгамқулова, Дилдора Эрназарова, Маҳлиё Раҳматуллаева, Маъруф Жониқулов, Ўктам Абдураҳмоновлар номини чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олишни истардим.
Азиз устоз, мураббийлар!
Бугун мамлакатимизда таълим-тарбияга давлат келажагини белгиловчи соҳа сифатида эътибор берилмоқда.
2022 йил 11 майда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чор-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича миллий кенгаш ташкил этилиб, давлатимиз раҳбари мазкур Кенгаш раиси этиб тасдиқланди. Туманимизда ҳам ана шундай Кенгаш ташкил этилиб, халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқланди.
Умуман мамлакатимизда халқ таълимини ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш мақсадида 80 га яқин Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари қабул қилинди.
Тумандаги умумтаълим мактаблари муассасалари биноларини таъмирлаш, замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлаш доимий диққат марказимиздаги масала. Жорий йилда 14 та умумтаълим мактабларига мактаб филиаллари қуриш, 3 та умумтаълим мактабларини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Янги объектларнинг ишга туширилиши ҳисобига 300 та янги ўқув ўрни яратилади. Янги ўқув йили олдидан 20-умумтаълим мактабининг 120 ўринли биноси ҳамда 68-умумтаълим мактаби филиали биноси фойдаланишга топширилди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Қизилқум” маҳалласидаги 9-умумтаълим мактаби таъмирланмоқда.
Умумтаълим мактаблари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида туманда 2022 йилда ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёни натижалари бўйича 12-умумтаълим мактаби 580 миллион сўм, 55-умумтаълим мактаби 145 миллион сўм, 67-умумтаълим мактаби 500 миллион сўм, 59-умумтаълим мактаби 650 миллион сўм молиялаштирилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 6 та умумтаълим мактабларига замонавий компьютер жамламалари олиб берилди.
Азиз ўқитувчилар, устоз мураббийлар!
Сизлар ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахшида этаётган ўқитувчи, мураббийлар том маънода фидойи касб эгаларисиз.
Маърифатпарвар бобомиз Маҳмуд хўжа Беҳбудийнинг “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг” деган ибратли сўзларини ҳеч қачон ёддан чиқармайсизлар деган умиддаман.
Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрамингиз билан яна бир бор табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту-саодат, эзгу фаолиятингизда омадлар тилайман. Хонадонингизни файзу барака тарк этмасин.
Ҳамиша соғ-омон бўлинг азиз устозлар!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар