Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Фориш тумани ҳокимининг байрам табриги

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Фориш тумани ҳокимининг байрам табриги

30 август 2022 йил
186
0

 

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли байрам тадбири иштирокчилари!

 

Аввало, барчангизни энг улуғ, энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги билан табриклайман!

 

Бу айём халқимизнинг ҳур ва озод яшаши, бахтли ҳаёти, фаровон турмушига асос бўлувчи энг муҳим сана сифатида тарихимиз саҳифаларига битилган.

 

Истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида муҳим ишлар амалга оширилди. Кўпни кўрган халқимиз ўзининг мустаҳкам иродаси ва матонати, беқиёс салоҳиятини намоён этиб, тарихан қисқа фурсат ичида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди.

 

Айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизга муносиб турмуш шароити яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Буни туманимиз маркази мисолида оладиган бўлсак, 40 дан зиёд савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб фойдаланишга топширилди. Шу йилнинг ўтган ойлари давомида туман марказида 4 км. автомобил йўллари асфальтланди. 7 км. пиёдалар йўлаги бунёд этилди. Йўл четларига 7 км. бетон ариқлар ётқизилди. Амир Темур кўчасига 32 та тунги ёритгичлар ўрнатилди. Бу борадаги ишлар туманимизнинг барча маҳаллаларида олиб борилмоқда. 

 

Азиз тадбир иштирокчилари!

 

Бугун мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат”, деган ғоя асосида тараққий этмоқда.

 

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2022 йил 28 январдаги фармони билан еттита йўналиш бўйича 100 та мақсадни ўзида жамлаган “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” қабул қилинди.

 

Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик байрам тантаналари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” ғояси асосида ўтаётгани ҳам тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган “Инсон қадри учун” деган улуғ мақсадлар билан ҳамоҳангдир.

 

Бу борада туманда 214 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилиши ҳисобига 300 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 1100 нафар тадбиркорлик субъектларига 26,8 млрд. сўм банк кредитлари ажратиб берилди. Жумладан, мустақиллигимизнинг қутлуғ тўйи арафасида “Ўхум” маҳалласи ҳудудида тадбиркор Даврон Норбоев томонидан 24 ўринли туя сути билан даволаш ва дам олиш маскани фойдаланишга топширилди. Бу ерда отда, туяда чўлда сайр қилиш хизматлари йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Бу каби лойиҳаларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши туманда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш имконини бермоқда. Мен бутун халқимиз номидан туманимиз аҳлига мана шундай ажойиб байрам совғаси ҳадя этган тадбиркор Даврон Норбоевга миннатдорчилик билдираман.

 

Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан фуқароларни ўзини ўзи банд қилиш тизимини жорий этилиши туфайли туман бўйича жорий йилнинг ўтган ойларида 6200 нафар ишсиз фуқаролар бандлиги таъминланиб, уларни келгусида ижтимоий ҳимоя қилиш тизими яратилди.      

 

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда тараққиёт стратегияси доирасида барча ислоҳот марказига инсон қадри, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилаётгани сизларга яхши маълум. Туманда аҳолини айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама ижтимоий муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар давом эттирилмоқда. 1499 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га, 464 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди. Улар “Инсон қадри учун” тамойили асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиляпти.

 

Амалга оширилган ишлар натижасида 1440 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга 1 млрд. сўмдан зиёд, 365 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга 600 миллион сўмдан зиёд амалий ёрдам кўрсатилди. 

 

Қадрли юртдошлар!

 

Туманимизда ҳам 2022 йилнинг ўтган ойлари давомида тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Туманимиз меҳнаткашлари энг улуғ, энг азиз байрам мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллигини меҳнатда яхшигина натижалар билан қарши олмоқда. 2022 йилнинг ўтган ойлари давомида туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 113 фоизга, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш 106,4 фоизга, жами хизмат кўрсатиш 105,5 фоизга бажарилди.

 

Шу вақт мобайнида саноат соҳасида 2 та, қишлоқ хўжалик соҳасида 2 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 64 та лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилиб, улар ҳисобига 449 та янги иш ўринлари яратилди. 88,9 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди.

 

Туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳам доимий диққат марказимизда турган муҳим вазифалардан.

 

2022 йилнинг ўтган ойлари давомида 5092,7 минг АҚШ доллари миқдоридаги саноат ва 228,1 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди.

 

Туман ҳудудини замонавий қиёфага келтириш, аҳолини турмуш шароитини яхшилаш, уй-жойлар ва зарур инфратузилма билан таъминлаш, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият, маънавий соҳаларни ривожлантириш борасида ҳам катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

 

Туманнинг “Эгизбулоқ” маҳалласида 2022 йил 20 апрель куни бўлиб ўтган сел оқибатларини бартараф этиш борасидаги ишлар давом эттирилиб, сел натижасида уй-жойидан ажралган 22 та оилаларга барча қулайликларга эга 22 та уй-жойлар қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Селдан қисман талофат кўрган 96 та уй-жойлар, маҳалладаги оилавий шифокорлик пункти, маданият маркази, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари таъмирланяпти. Маҳаллада эҳтимолий селнинг олдини олиш мақсадида канал бунёд этиляпти.

 

Халқ таълими соҳасида ҳам амалга оширилаётган ишларимизни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли бўлар деб ўйлайман.

 

Жумаладан, туманнинг чекка ҳудудлари ҳисобланган “Нарвон” маҳалласида 120 ўринли, “Гараша” маҳалласида 100 ўринли, “Дўстлик” маҳалласида 100 ўринли, “Оқтом” маҳалласида 100 ўринли мактабгача таълим ташкилотлари бинолари қурилиши якунланмоқда. 14 та умумтаълим мактаблари учун қўшимча мактаб филиаллари қурилмоқда. 3 та умумтаълим мактаблари бинолари реконструкция қилинмоқда.

 

“Обод қишлоқ” дастури доирасида “Қизилқум” ва “Сайёд” маҳаллаларини ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Азиз дўстлар!

 

Бугун мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш билан боғлиқ ишлар амалга ошириляпти. Туманимиз ҳалқи ҳам Янги Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз қимматли таклифлари, фикр, мулоҳазалари билан иштирок этаётгани халқимизнинг сиёсий онги ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганидан дарак беради.

 

Янги Ўзбекистон Конституцияси мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини бошлаб беради.

 

Азиз юртдошлар!

 

Қадрли байрам тадбири иштирокчилари!

 

Ўз олдига улкан вазифа қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган халқни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай халқни Яратганнинг ўзи ҳам қўллаб-қувватлайди, доим йўлини очиб беради. Бугун биз ягона халқ, ягона миллат бўлиб, кўзлаган юксак марраларимиз сари дадил бормоқдамиз.

 

Орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги-янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолаверади.

 

Фурсатдан фойдаланиб, сиз қадрдонларимни, мўътабар нуронийларимиз, меҳрибон опа-сингилларимиз, азму шижоатли ёшларимизни, бутун халқимизни Мустақиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

 

Мана шу муборак айёмда барча ютуқларимизнинг бунёдкори бўлган меҳнаткаш, мард ва саховатли, бағрикенг ва олижаноб халқимизга фарзандлик меҳри билан таъзим қиламан.

 

Барчамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган она халқимиз доимо омон бўлсин!

 

Юртимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсон эзгу мақсадларига етсин!

 

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар