ФОРИШ ТУМАН ҲОКИМИ ИКРОМ СИНДАРОВИЧ МАТИЕВНИНГ 30 ИЮНЬ – ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЁШЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум қадрли ёшлар!
Ёшликни инсон умрининг баҳорига қиёслашади. Ҳақиқатдан ҳам ёшлик инсоннинг куч-қувватга, шижоатга тўлган даври.
Мамлакатимизда ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганини бугун барчамиз кўриб, ҳис этиб турибмиз. Шу боис мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”ни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ортиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Барча соҳа ва тармоқларда Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқдалар.
Айни кунда туманимиз аҳолисининг 44 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июндаги қарорига асосан ёшлар фаолиятини мувофиқлаштириш, улар билан ишлаш тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида мамлакатимизда Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг туман бўлимлари ташкил этилди. Ҳар бир маҳаллада ёшлар билан ишловчи ёшлар ишлари агентлиги вакиллари лавозими жорий этилди. Туманимиздаги 25 та маҳаллаларга танлов асосида 25 нафар ёшлар ишлари агентлиги вакиллари тайинланди. Улар бундан буён ҳар бир маҳаллада мунтазам равишда ёшлар бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидорларини намойиш этишлари учун мунтазам равишда улар билан иш олиб боришади.
Қадрли ёшлар!
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ёшларга оид давлат сиёсатидаги кўплаб янгиланиш туманимиз ёшлари ҳаётига тадбиқ этилмоқда. Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ёшлар билан ишлашни ўзининг устувор вазифаси этиб белгилаб олган. Шу боис “Ҳоким ва ёшлар”, “Прокурор ва ёшлар”, “Сектор раҳбари ва ёшлар” учрашувлари мунтазам равишда ташкил этилиб борилмоқда.
“Ёшлар келажагимиз” давлат дастури доирасида ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш борасида мутлақо янгича тизим асосида иш олиб бориляпти. Жумладан, ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 265 нафар ёшларга 6 миллиард 781 миллион сўмлик имтиёзли банк кредитлари ажратиб берилди. 147 нафар ишсиз ёшларга давлат захираси ерларидан 50 сотихдан бир гектаргача 118 гектар ер ажратиб берилиб, ёшлар ушбу ажратиб берилган ерларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришмоқда. 334 нафар вақтинча иш билан банд бўлмаган ёшларимиз доимий жамоат ишларига жойлаштирилди.
Туманда ёшларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ва доимий даромадга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида 330 нафар ёшларимиз “Ёшлар дафтари”га киритилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. “Ёшлар дафтари”га киритилган 9 нафар ёшларга ўзини ўзи банд қилиш, доимий даромад манбасига эга бўлиши учун 24 миллион сўмлик асбоб-ускуналар олиб берилди. 11 нафар ёшларга 11 миллион 700 минг сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Олий таълим муассасалари ва техникумларда таҳсил олаётган 56 нафар моддий аҳволи қийин бўлган талабаларга 1160 миллион сўмлик контракт пуллари, 14 нафар ёшларнинг сафарбарлик чақирув резерви пуллари тўлаб берилди. Ёшлар истеъдодини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда Беш ташаббус тадбирлари учун 55 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Мамалакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида июнь – “Ёшлар ойи” деб эълон қилинган эди. “Ёшлар ойи” туманимизда ҳам кўтаринки руҳда ўтказилиб, ёшлар иштирокидаги турли тадбирларга бой бўлди. Беш ташаббус олимпиадаси доирасида спорт мусобақалари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Тадбирларга туманимиз бўйича 26 минг нафардан зиёд ёшлар қамраб олинди. Умуман 2022 йилнинг ўтган олти ойида тумандаги 25 та маҳаллаларда 2614 та тадбирлар ўтказилиб, уларга 135 631 нафар ёшларимиз қамраб олинди.
Қадрли ёшлар!
Бу йил туманимиздаги умумтаълим мактабларини 933 нафар ёшларимиз битириб, уларнинг 32 нафари олтин ва 15 нафари кумуш медал соҳиблари бўлгани қувонарли ҳолдир. Мен барча битирувчи ёшларимизга олий таълим муассасалари ҳамда техникумларга кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, талаба бўлишдек бахтга муяссар бўлишларини тилаб қоламан.
Шунингдек, бу йил туманимиздан олий таълим муассасаларини 239 нафар, касб-ҳунар коллежларини 47 нафар, тумандаги касб-ҳунар мактабини 182 нафар ёшлар битириб, меҳнат қучоғига отланмоқдалар. Уларни ўзлари танлаган касб мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолади.
Азиз ёшлар!
Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида бошланган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда.
Азиз ёшлар ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз Сизлардан буюк ишларни кутмоқда. Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!
Сизларни севимли байрамингиз, азму шижоат, гўзаллик айёми – “Ёшлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.