МЕНТАЛ АРИФМЕТИКА ОЛИМЛАР ҲАЙРАТИГА САБАБ БЎЛГАН
Фориш тумани Амир Темур номли маҳаллада жойлашган 5-умумтаълим мактабида ментал арифметика бўйича ўтган йили тўгарак ташкил этилган эди.
Айни кунда ушбу тўгаракда 15 нафар ўқувчилар устозлари Ҳасан Шодиев раҳбарлигида ментал арифметикани қунт билан ўрганмоқдалар. Ўтган қисқа давр мобайнида тўгарак ўқувчилари турли вилоят ва республика танловларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Тўгарак аъзолари яқинда устозлари Ҳасан Шодиев раҳбарлигида Бухоро вилояти Когон шаҳрида ўтказилган республика очиқ олимпиадасида фахрли ўринни эгаллаб қайтишган эди.
Бу галги ментал арифметика бўйича танлов Жиззах шаҳридаги “Элегант” ўқув марказида бўлиб ўтди. Унда устоз Ҳасан Шодиев шогирдларидан 6 нафари ментал арифметика бўйича вилоятлараро ташкил этилган танловда иштирок этди.
– Фан сифатида ментал арифметика бундан икки минг йил илгари Японияда пайдо бўлган, – дейди устоз Ҳасан Шодиев. – Бу усул миянинг ҳар иккала ярим шарини ривожлантириш мақсадида ўйлаб топилган. Бир қарашда хаёлотга яқиндек туйилиши мумкин, аммо ушбу таълимни ривожланиши фантастика эмаслиги исботланди.
Болаларнинг аниқ бир методика билан шуғулланишлари натижасида уларнинг хотираси мустаҳкамланиб, диққатини ошгани, онгида турли хил математик ҳисоб-китобларни ишлаб чиқариш қобилиятининг тез суръатларда амалга оширилиши, ҳатто олимларнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлди.
Жиззах шаҳрида ментал арифметиканинг А, В, С, D категориялари бўйича ўтказилган мазкур мусобақада республикамизнинг бошқа вилоятлари ва вилоятимизнинг туманларидан 130 нафар ўқувчилар ўзаро беллашишди. Устоз Ҳасан Шодиев раҳбарлик қилаётган тўгарак аъзоларидан 6 нафари иштирок этган бўлса, уларнинг барчаси юқори ва фахрли ўринларни эгаллашди. Жумладан, Нигина Баҳодирова, Озодбек Бозорбеков, 8 ёшли Муслима Алиевалар 1-ўринни, Зарина Нурбекова ва Зулфиқор Юсуповлар – 2 ўринни, Давронбек Саримсоқов эса 3-ўринни эгаллаб қайтишди.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.