УЗУМЧИЛИК ТАРМОҒИДА КАТТА ИМКОНИЯТЛАР БОР
Фориш туманидаги “Аҳмад ота файз” агрокластерида узум етиштириш ва уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантиришга бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда экотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари юртимизда азалдан узумчилик анъанаси бўлгани, уни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
- Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомида миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади. Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Ҳар бир кўчада, хонадонда ток бўлган. Ҳусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ, кишмиш каби узумларнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланади.
Яна бир муҳим жиҳати, 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, қўли билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ўртача 25 долларлик маҳсулот экспорт қилиш мумкин.
Шу каби таҳлиллар бу соҳага катта эътибор қаратиш, кўплаб масалаларни ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Фориш туманида ҳам аҳоли азал-азалдан узумчилик билан шуғулланиб келади. Туманнинг ер ва табиий иқлим шароити узум етиштиришга мос. Бугунги кунда туманда томорқасида узум етиштирмайдиган хонадонни учратмайсиз.
Фориш туманида узумчиликка ихтисослашган “Аҳмад ота файз” агрокластери ташкил этилди. Агрокластерда ўн минг гектар ерда токзор барпо этиш белгиланган.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директор ўринбосари Шерзод Ражабов, вилоят ва туман вакиллари, фермер хўжаликлари раислари иштирок этиб, сўзга чиқишди. Узумчиликни ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашдилар.
Семинар-тренингда Фориш туман ҳокими Икром Матиев иштирок этди.
Фориш туман ҳокимлиги ахборот хизмати.