Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ҚЎРҒОН ҲЕЧ ҚАЧОН ҚУЛАМАСИН

ҚЎРҒОН ҲЕЧ ҚАЧОН ҚУЛАМАСИН

04 февраль 2021 йил
28
0

Қадим замонлардаёқ, дейлик, Одам Ато билан Момо Ҳавонинг қовушишидан бошлаб оила пайдо бўлган.

Инсон ҳаёти оиладан бошланади. Бироқ инсоннинг том маънода инсон бўлиб яшаши учун туғилиш ва яшашнинг ўзигина кифоя эмас.
Бизда азалдан оила муқаддас саналган. Чунки у Ватаннинг мўъжаз парчаси бўлиб, жамият уларнинг бирлигидан ташкил топади. Оила ҳаётнинг абадийлигини таъминлайдиган, урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.

Шарқда ота оила бошлиғи, таъминотчи ва тарбиячи, она эса оиланинг кўрки, файзи ҳисобланади. Фарзандларга Яратганнинг неъмати деб қаралади. Севги – муқаддас туйғу. Чинакам туйғулар айтилмайди ёки кимгадир мақтанилмайди. Сабр билан синалган севги қиссаси эса асрлар оша яшайверади. Бунга мисоллар кўп. Бироқ севгисини дунёга жар солиб юрган ошиқларимиз биринчи тўсиқдаёқ “тамом бўлишяпти”. Улар севгининг асл моҳиятини тушунмай, нотўғри йўлдан кетишмоқда. Севгига эрмак деб қараш оқибатида эр-хотин ўртасида ажралишлар кўпайиб кетяпти. Тўғри, баъзи сабабларга кўра оила бузилмайдиган жамият йўқ. Бироқ, оила бузилса, қанчадан-қанча болалар етим қолиши кишини ўйлантиради.
Бунинг устига, даъвогарларнинг даъвоси таҳлил этилганда шу нарса маълум бўладики, хотин эридан, эр хотинидан норози. Аниқроқ айтганда, бири рўзғор юритишни билмайди, бири топганини ичади, яна бири уйим-жойим демайди ва ҳакозо. Энг ёмони, улар бу муаммонинг ечимини фақат ажрашишда деб билишади. Фарзандлар тақдири уларни қизиқтирмайди. Ваҳоланки, ота ёки она меҳридан бебаҳра ўсган боланинг тарбиясида кемтик юзага келиши ҳеч гап эмас.
Оилавий мажоралар ҳақида фикр юритганда, шундай ҳақли савол туғилади; оилани сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлаш учун нима қилиш керак? Аввало мустақил ҳаётга қадам қўяётган йигит-қизлар оиланинг масъулиятини, унинг оғир-енгилини чуқур ҳис этишлари лозим. Янгидан бунёд этилаётган ҳар бир оиланинг тотувлиги, ҳеч шубҳасиз жамият тараққиётига хизмат қилади.
Туманда 2020 йил давомида 745 та янги оила қайд этилди. Ўтган йилда 48 та ажрашиш қайд этилди. Бу 2019 йилга нисбатан 4 та кўп. Энди қанча бола тирик етим бўлиб қолгани ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг. Оиланинг бузилишини қандай изоҳлайлик, жабрини болалар чекади ва бундан жамият зарар кўради. Она меҳрини ота беролмаганидек, ота ўрнини ҳам она босолмайди. Алишер Навоий бобомиз ота-онани улуғлаб “Бирисин ой англа, бирисин қуёш” деганлари ҳам бежиз эмас.
Назаримизда бугун ажралишларнинг қуйидаги сабаблари бор: энг аввало оила ҳақидаги тасаввурларнинг омонатлиги, эркакларнинг хорижга узоқ муддатга ишлаш учун кетиши, ўз бурчини аёллари зиммасига юклаб қўйиши, чет эл сериалларидаги ахлоқсизликлар, бугун урфга айланаётган виртуал хиёнат....
Оиланинг жамият ривожидаги бирламчи вазифаси маънавий бутунликдир. Маънавиятсиз моддий фаровонликка ҳам, тараққиётга ҳам эришиб бўлмайди. Маънавий қашшоқлик миллий таназзулга олиб боради. Нопок ота-она ҳалол, маънавий етук фарзанд тарбиялай олмайди. Оилада ота-она бир-бирига меҳр-муҳббатли бўлса, фарзандлар ҳам шунга қараб тарбияланади. Улғайганида ота-онасидан олган тарбияси ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.
Мамлакатимиз халқининг пировард мақсади ҳар жиҳатдан етук инсонлар жамияти барпо этишдан иборат. Бу халқимизнинг эзгу орзуси ва давлатимиз инсонпарвар сиёсатининг пировард мақсадидир. Зеро, билимдон, зукко, жасур аждодларимизга муносиб авлод бўлиш учун ўз оиламизни одамийлик дорилфунунига айлантирайлик!

Гулбаҳор ШАҲАРОВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар