Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ДИНИЙ ЭКСТРЕМИСТИК ОҚИМЛАР ВА УЛАРНИНГ ҒОЯЛАРИ. ТЕРРОРИЗМ ТАҲДИДИ

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИСТИК ОҚИМЛАР ВА УЛАРНИНГ ҒОЯЛАРИ. ТЕРРОРИЗМ ТАҲДИДИ

04 февраль 2021 йил
22
0

Француз ёзувчиси Маркес де Саднинг “Биз катта урушлар қилиб дунёга эгалик қилишимиз шарт эмас.

Француз аскарларининг ўликлари бегона юртларда чириб ётмасин. Уларни бўйсундириш учун меникига ўхшаган аҳлоқсиз китоблар тарқатиб, қалбини эгалланг. Шунда улар ўз-ўзидан бизга бўйсунади” дея таъкидлаган экан. Шу йўл билан чет эллик “дўстларимиз” маънавиятсиз, қўлига китоб ушламайдиган ёшлар қалбига, онгига эгалик қилишга интилмоқдалар.
Терроризм – жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳоли кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятни эгаллаш мақсадида амалга оширилади. Террорчи гуруҳлар жамиятда аҳолининг кенг қатлами номидан ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири ушбу ҳаракат тарафдорларининг “Куч ишлатиш ва зўравонлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади”, деган ғояга асосланиб ҳаракат қилишларидир.
Ўзбекистон мустақиликка эришгач, мазкур ҳудуд турли манфаатдор кучларнинг нишонига айланди. Сиёсий мақсадларни дин ниқоби остида амалга оширишга интилувчи диний-экстремистик ва террорчилик гуруҳлари минтақага суқилиб киришга ҳаракат қилдилар. Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун мустаҳкам асосга эҳтиёж сезилди. 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши давлатимиз суверенитети ва халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётига катта таҳдид солувчи терроризмга қарши кураш борасида катта қадам бўлди.
Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.
Диний-экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўляпти.
Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилганидек, диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринмоқда. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунга келиб диний-экстремистик ташкилотлар кенг тармоқли тизимга айланиб улгурди. Аввало, барча экстремистик ташкилотлар бир тадқиқот маркази, таъбир жоиз бўлса, “ғоявий лаборатория”лар маҳсули эканини алоҳида қайд этишимиз лозим. Шу ўринда, диний-экстремистик оқимларни бажарадиган функцияларига кўра шартли равишда 3 гуруҳга бўлишимиз мумкин.
Биринчи гуруҳга кирувчи ташкилотларнинг асосий вазифаси одамларни гўёки “исломлаштириш”, “тақвога чақириш”дан иборат. Бундай гуруҳлар қаторига “Таблиғчилар” ҳаракатини киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳ ташкилотлари эса аҳолига мутаассиблик ғояларини сингдириш, улардан муайян ғоя ва раҳнамога оғишмай, сўзсиз эргашадиган “кадр”ларни тайёрлаш билан шуғулланади. Бундай гуруҳлар қаторига “Ҳизбут-таҳрир” каби диний-экстремистик ташкилотларни киритиш мумкин.
Учинчи гуруҳга мансуб ҳаракатлар эса ҳеч қандай асоссиз мусулмон диёрларни “куфр диёри” деб эълон қилиб, у ердагиларни “ҳижрат” қилишга ундаш орқали турли низо ва фитна ўчоқларига жалб қилиш, қўлга қурол олиб тинч аҳоли вакиллари ва бошқа дин вакилларини қириш орқали минтақада уруш оловини ёқиш, жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилиш орқали ёшларни қотилликлар қилишга чорлаш билан шуғулланадилар. Бу гуруҳга барча террорчи ташкилотларни киритишимиз мумкин.

Бугунги кунда диний-экстремистик, террористик гуруҳлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўзбекистон ва бошқа давлатларда диний-экстремистик, террористик ҳаракатларга нисбатан олиб борилаётган муросасиз ёндашув натижасида гуруҳ аъзолари ўз ҳаракатларини очиқ намоён этишни маъқул кўрмай, аксинча, хуфёна тарғибот-ташвиқот ишлари орқали, жумладан интернет орқали ўз ғояларини тарқатиш билан фаолиятларини жадаллаштиришмоқдалар.
Ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган диний мазмундаги маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга уриниш ҳолатлари Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Бу каби экстремистик руҳдаги маҳсулотларни интернет ва бошқа йўллар орқали тарқатилиши аҳоли томонидан диннинг нотуғри талқин этилишига, кам маълумотга эга ўқувчилар маънавий онгининг бузилишига, турли эътиқод ва қарашларга эга бўлган одамлар, хусусан ёшлар орасида адоват ва хусумат уйғонишига замин яратмоқда.
XX аср охирларигача диний-экстремизм ва ақидапарастликни тарқатиш ва аҳоли орасида ёйишнинг асосий қуроллари бўлиб турли адабиёт ва нашрлар хизмат қилган бўлса, замонавий технология воситалари ривожланган ҳозирги даврда интернет тармоғи диний экстремистик ва ақидапарастлик ғояларини тарқатишнинг энг оптимал ва қулай манбаига айланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда турли гуруҳ ва оқимлар томонидан диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилмоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга “куфр диёри”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “халифаликни тиклаш” каби ғоялар сингдирилиб, улар турли тўқнушув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Турли кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби-жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.
Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Шундай экан, диний-экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.

Рашид КАРИМОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар