Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ЙИЛ САРҲИСОБИ: ИНВЕСТИЦИЯЛАР – ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ ПОЙДЕВОРИ

ЙИЛ САРҲИСОБИ: ИНВЕСТИЦИЯЛАР – ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ ПОЙДЕВОРИ

26 январь 2021 йил
34
0

Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича янада қулай шароитлар яратилади.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак, пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарор ишлаши учун тадбиркорлар давлат билан теппа-тенг ҳисса қўшдилар. Шунинг учун барчамиз тадбиркорларга елкадош бўлиб, уларни доим қўллаб-қувватлашимиз шарт. Бу борада ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш – барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан.
Дунё ҳамжамиятининг ҳозирги тараққиёт босқичи инвестицияларсиз бирорта ҳам мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эриша олмаслигини кўрсатиб турибди. Инвестиция ресурсларини ўз вақтида иқтисодиётга жалб қилиш имконияти бўлмаган, пул маблағлари танқислигини бошидан кечираётган давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича дунё мамлакатлари даражасидан анча орқада қолиб кетаётганига гувоҳ бўляпмиз.
Бугун, бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам қулай инвестиция муҳити яратилган. 2020 йилда туманнинг инвестиция дастури доирасида 19 та, қўшимча шакллантирилган дастур асосида 11 та, бўш турган объектлар ҳисобига 3 та жами умумий қиймати 34 миллиард 342 миллион сўмни ташкил қилган 33 та лойиҳалар ишга туширилди. Бу борада туманимиз ҳудудидаги табиий бойликлардан самарали фойдаланиш, янги конларни ўзлаштириш, чорвачилик, узумчилик, балиқчиликни ривожлантириш ва доривор ўсимликлар тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада, туманимиз ҳудудидаги табиий бойликлардан базальт, базальт толаси, базальт арматуралар ва бошқа қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, “Диабаз минерал воол”, “Диабаз композит”, “Диабаз композит троуп” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхоналари томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда “Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қиймати 1 триллион 885 миллиард 994 миллион сўмни ташкил қилган базальт толасидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда.
2020 йил давомида инвестициялар жалб этилиб, амалга оширилган лойиҳалар натижасида йил якуни билан қўшимча равишда 8,050 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 11,6 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилди. Шулар ҳисобига туман бюджетига 4,3 миллиард сўм қўшимча маблағ туширилди.
Коронавирус пандемияси барча соҳа тармоқларига ўз таъсирини кўрсатди. Шунга қарамай хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича 2019 йилда 70,1 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 378,3 миллион долларни ташкил этди ва белгиланган йиллик режага нисбатан 266,0 фоизга бажарилди.
Туманда 2020 йил учун 7 миллион 569,4 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт прогнози белгиланганди. Бу йилги пандемия мамлакатимизда бўлгани каби, туманимизнинг экспорт салоҳиятига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Йил якунига қадар 921,4 минг АҚШ доллари миқдорида мева-сабзавот маҳсулотлари, 3 миллион 597,3 минг АҚШ доллари миқдорида саноат маҳсулотлари, жами 4 миллион 318,7 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Бу ўтган йилга нисбатан 189,0 фоиз юқори.
Туманда бундан уч йил илгари 823 та кичик бизнес субъектлари фаолият юритган бўлса, 2020 йил якуни билан кичик бизнес субъектлари сони 1219 тани ташкил этди. Коронавирус пандемияси даврида вақтинча иқтисодий фаоллигини йўқотган ҳамда кам қувватда ишлаётган корхоналар сони 500 тани, умуман фаолиятини тўхтатган корхоналар 5 тани ташкил этганди. Карантин талаблари юмшатилиши ва кўрилган амалий ёрдамлар натижасида уларнинг барчаси ўз фаолиятларини қайта тиклаб олишди.
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар 2021 йилдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси инвестиция сиёсатини юритишда давлат иштирокини пасайтириб, хусусий ва тўғридан-тўғри инвестициялар улушини ошириш кераклигини таъкидлади.
Маълумки, инвесторларни жалб қилишдаги асосий жиҳат қонунчиликни мустаҳкамлашдир. Яъни инвесторлар ҳуқуқи етарли даражада қонун билан ҳимояланган давлатга ишбилармонлар ўз капиталини киритишни ва тадбиркорлик фаолиятини олиб боришни истайди. Мурожаатномада бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш вазифалари ҳам белгиланган.
Туманда 2021 йилда хорижий ва маҳаллий инвестицияларни ўзлаштирилиши ҳисобига умумий қиймати 3 триллион 498 миллиард 155 миллион сўмни ташкил этган 24 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Уларнинг ҳисобига 983 та янги иш ўринлари яратилиб, тумандаги вақтинча иш билан банд бўлмаган йигит-қизлар ишга жойлаштирилади.
Бундан ташқари 2021 йилда белгиланган дастурдан ташқари яна қўшимча лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига ҳам янги иш ўринларини яратиш белгиланган.
Жалб этилаётган инвестициялар туманда табиий бойликларни, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашга, қишлоқларимизда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини юксалтиришга йўналтирилади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномада илгари сурган фикрлари, ташаббус ва ҳаётбахш ғоялари ягона эзгу мақсад – халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилашга, мамлакатимиз равнақига, янги Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги обрў-эътиборини оширишга ҳамда мамлакатимизга кўплаб хорижий инвесторларнинг ўз сармояларини киритишга хизмат қилади.

Темур САЪДУЛЛАЕВ,
туман ҳокимининг ўринбосари,

туман Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар