Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Фориш туманида халқ депутатлари туман кенгашининг сессияси ўтказилди

Фориш туманида халқ депутатлари туман кенгашининг сессияси ўтказилди

04 март 2019 йил
152
0

Халқ депутатлари Фориш туман Кенгашининг ўттиз тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Депутатлар дастлаб «Туманнинг 2018 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари тўғрисида»ги туман ҳокимининг ҳисоботини тинглаб, муҳокама қилдилар.

2018 йил давомида барча соҳаларда изчил ислоҳотлар олиб борилиб, туманимиз иқтисодиётида бир қатор ижобий натижаларга эришилди, – деди кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган туман ҳокими Абдивали Мустанов.

Маҳаллий бюджет даромадларига 13934,3 миллиард сўм туширилиши бегиланган эди.  Амалда 19246,3 миллиард сўм туширилиб, режа 138,1 фоизга бажарилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам сезиларли натижалар қўлга киритилди. Секторлар кесимидаги тақсимотга мувофиқ ўтган йили 2612 та янги иш ўринлари яратилди.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, саноат тармоқларини модернизация қилиш йўли билан секторлар ҳудудида умумий қиймати қарийб 216 миллиард 364 миллион сўмлик 8 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилди. Ўтган йилда 123,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари, 822,6 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалик маҳулотлар ишлаб чиқилди. 2019 йил 1 январь ҳолатига 245 та кичик бизнес субъектлари ташикл этилиб, туманимизда фаолият кўрсатаётган юридик шахслар сони 872 тага етди.

Тумандаги 9 та экспортёр корхоналар томонидан жами 1820,8 минг АҚШ долларига тенг саноат ва мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида барча тоифадаги хўжаликларда 2769 тонна дон, 6375 тонна сабзавот, 4139 тонна полиз, 5128 минг тонна мева ва 6225 тонна узум етиштирилди.

«Обод қишлоқ» дастури доирасида 3 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 10,8 мингдан ортиқ аҳолига қулай шарт-шароитлар яратилди. 14 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланди, 11 километр ичимлик сув тармоқлари, 20 километр электр тармоқлари, 18 километр ички йўллар таъмирланди. 6 та бозор инфратузилма объектлари, 18 та мини маркет, 1 та ҳаммом қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Туман ҳокими ўз ҳисоботини давом эттириб, ўтган йили туман ҳудудидаги 16 мингдан зиёд хонадон ўрганилганлигини таъкидлади. Мулоқот давомида туман, вилоят, республика даражасидаги 8621 та муаммо кўтарилди ва тегишли тартибда бартараф этилди.

Ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Имконияти чекланган фуқаролардан 50 нафарига ногиронлик аравачалари, 18 нафарига эшитиш мосламалари, 26 нафарига қўлтиқтаёқ олиб берилди. 105 нафар кексаларга даволаш-профилактика муассасаларига йўлланмалар берилди. 35 нафар ногирон фуқаролар арзон уй-жой билан таъминланди. Эшитиш қобилиятида нуқсон бор 18 нафар юртдошларимиз эшитиши мосламалари билан таъминланди.

– Бу йил олдимизда улуғвор вазифалар турибди, – дейди туман ҳокими ўз маърузасини давом эттириб. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 30-31 январь кунлари вилоятимизга ҳамда туманимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари, кўрсатмалари ижросини таъминлаш ҳар бир юртдошимиз учун шарафдир.

2019 – 2020 йилларда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 4 триллион 725 миллиард 118 милион сўмлик 41 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади ва мазкур лойиҳаларни амалга ошириш орқали 2612 та янги иш ўринлари яратилади. 67,9 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши белгиланган. 2019 йил давомида 1778,6 минг АҚШ долларилик мева-сабзавот, 442,6 минг АҚШ долларилик саноат жами 2221,3 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар хоижга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда. Маҳаллий бюджетнинг даромадлар қисмига жами 27 миллиард 38 миллион сўм туширилиши режалаштирилган. «Обод қишлоқ» давлат дастурига асосан 10200 аҳоли яшайдиган 3 та қишлоқда 36227,3 миллион сўмлик қурилиш- ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. 1200 та уй-жойлар, 6 та ижтимоий соҳа объектлари 7,9 километр ичимлик сув, 31,5 километр ички йўллар, 27,6 километр электр тармоқлари таъмирланади ва реконструкция қилинади.

Мактабгача таълим тизимини такомиллаштиришда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича 2019 йилда туманда жами 16 та давлат хусусий шерикчилик, нодавлат ва оилавий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши орқали қамров даражаси бугунги кундаги 25 фоиздан йил якунида 50,1 фоизга, 2020 йилда эса 65 фоизга етказилиши кўзда тутилмоқда.

«Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида 41 нафар ёш тадбиркорларнинг лойиҳалари учун 6553 миллион сўм кредит маблағлари ажратилади ва 176 та янги иш ўринлари ташкил этилади.

Сессия қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарор ҳақида»ги масалани ҳам муҳокама қилишди. Халқ депутатлари туман Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ўтказишга кўмаклашувчи комиссия тузилиб, унинг таркиби тасдиқланди.

Шунингдек, сессияда туман прокурори Зокир Анорбоев, ички ишлар бўлими бошлиғи Ойбек Эшбеков, фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси Луиза Халитоваларнинг прокуратура, ички ишлар, фуқаролик судининг 2018 йилдаги фаолияти якунлари тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

Депутатлар сессияда туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Адиба Жабборованинг «Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар аҳволи», туман сайлов комиссияси раиси Рашид Каримовнинг 2019 йил 17 февраль куни ўрни бўшаб қолган 14-Каттасой сайлов округида халқ депутатлари туман Кенгаши депутати сайлови якуни ҳақидаги масалани ҳам қараб чиқдилар.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Рашид КАРИМОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар