АЙДАРКЎЛ БЎЙИДАГИ САЙЁҲЛИК МАСКАНИ
Айдаркўл сув ҳавзаси бўйида «OXUS ADVENTURE» масъулияти чекланган жамияти томонидан экотуризм ихлосмандлари учун 10 та кемпинг ҳамда 10 та юрта (халқимиз тилида қора уй дейилади) қурилган.
Кемпингларнинг 3 таси уч кишилик бўлиб, қолгани 2 кишиликдир. Ҳар бир кемпингда алоҳида ҳожатхона ва ювиниш хоналари мавжуд. Ҳар бирига иситиш ва совутиш мосламалари, телевизор ўрнатилган. 10 та юртанинг ҳар бирида 5 нафардан сайёҳ истиқомат қилиш имконияти мавжуд. Сайёҳлар овқатланиши учун 62 ўринли ресторан фаолият олиб боряпти. Экотуризм ихлосмандларига хизмат кўрсатиш мақсадида 10 та иш ўрни яратилган.
– Сайёҳларга барча шарт-шароитларни яратганмиз, – дейди «OXUS ADVENTURE» масъулияти чекланган жамияти раиси Дониёр Қаландаров. – Сайёҳлар кўлдан қармоқда балиқ овлашлари мумкин. Уларга кўлда сайр қилишлари учун 2 та катеримиз бор. Истаган вақтларида кўлда сайр этиб келишади. Сайёҳларга куз-қиш мавсумида сайр қилишлари учун от ва туяларимиз ҳам бор. Оромгоҳимизда бир йўла 50 кишигача сайёҳларга хизмат кўрсатиш имкониятига эгамиз.
Тадбиркорнинг келажак режалари ҳам улкан. Айдаркўл бўйида яна икки қаватли меҳмонхона, сауна, 30 та котедж, автодром, балиқ овлаш ҳудудлари, футбол ва болалар майдончалари қурмоқчи. 100 та автомобилларга мўлжалланган автотураргоҳ, қўшимча яна 30 та юрта қурилади. Корхонада жами иш ўрни 150 тага етказилади. Сайёҳлар чўл ҳудудида сайр қилишлари учун 10 та квадроцикл сотиб олмоқчи. Ана шулар ҳисобига сайёҳларга хизмат кўрсатиш имконияти бир неча баробар ортади.
Фориш тумани ҳокимлиги ахборот хизмати