Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ИҚТИСОДИЁТИМИЗНИНГ БАРҚАРОР ТАРМОҒИ

ИҚТИСОДИЁТИМИЗНИНГ БАРҚАРОР ТАРМОҒИ

16 октябрь 2020 йил
20
0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 сентябрдаги «Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори табиий газдан самарали фойдаланиш учун муҳим ҳужжат ҳисобланади.
«Фориштумангаз» филиали мутахассислари иқтисодий самарадор ускуналарнинг афзалликлари ҳақида истеъмолчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 6 минг 873 та хонадонга куз-қиш мавсумида узлуксиз табиий газ етказиб бериш мақсадида 272 та газ тақсимлаш пунктлари таъмирланди. Ер ости ва юзадаги газ қувурларининг ҳолати текширилди. 4,5 километр масофадаги қувурларни бўяш ишлари амалга оширилди. Барча хонадонлардаги дудбурунларнинг созлиги мутахассислар томонидан кўздан кечирилди. 6 минг 280 та хонадонга суюлтирилган газ етказиб бериш борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2019 йил 9 июлда қабул қилинган «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига табиий газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш ва ўзаро тўловларни тартибга солиш устувор белгиланиб, унга илғор инновацион технологияларни жорий этиш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарорда барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий – «ақлли» газ ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши мажбурийлиги белгиланиб, шу орқали газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилиш, маълумотларни йиғиш учун ягона бошқарув тизимини йўлга қўйиш, газ таъминотчиси ва энергия комплексининг бир қатор тузилмаларидаги молиявий йўқотишларнинг олдини олиш, аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорликни камайтириш имконини яратмоқда.
Бир сўз билан айтганда, жорий йилдан бошлаб туманимизда ҳам ана шундай замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тумандаги 6 минг 873 та табиий газдан фойдаланувчиларнинг хонадонларида 2021 йил якунигача замонавий газ ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиш режалаштирилган.
Бугунги кунгача Э.Камолов номли маҳаллада намунавий тарзда «ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланиб, истеъмолчиларга унинг қулайлиги, афзалликлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. «Боғдон» маҳалласида эса «ақлли» ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тадбиқ этиш орқали қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларнинг олди олиниши билан бирга йўқотишлар ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. «Ақлли» ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади.
«Ақлли» ҳисоблагичларнинг истеъмолчилар учун қулайлиги эса газ қувуридаги табиий газ ҳароратининг ўзгаришини ўлчаш натижасида табиий газ сарфи ҳаққонийлиги таъминланади. Бу эса корхонанинг табиий газ сарфи ҳисобидаги мавҳум ҳолатнинг олдини олишга хизмат қилади. Уларни ўрнатиш билан боғлиқ барча ишлар «Ҳудудгазтаъминоти» АЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади. Мазкур жараён ўз ичига газ ҳисоблагичларни ўрнатиш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва узатиш, алоқа линияларини ётқизиш ҳамда зарур телекоммуникация мосламаларини ўрнатиш кабиларни қамраб олади. Замонавий ускуналар истеъмолчиларга бепул ўрнатилмоқда.

Рашид КАРИМОВ.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар