Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ БОСҚИЧИ НИМА УЧУН КЕРАК?

ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ БОСҚИЧИ НИМА УЧУН КЕРАК?

30 июль 2020 йил
5
0

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 июль куни “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6034-сонли Фармон қабул қилинди.
Фармонда ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқлангани, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилгани, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилгани кўрсатиб ўтилган.
Ушбу Фармоннинг 2-банди билан жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини 2021 йил 1 январдан бошлаб жорий этиш назарда тутилган.
Дастлабки эшитув босқичи ўзи нима? Бу манфаатдор тарафлар иштирокида тайёрлаш босқичида ўтказиладиган суд мажлиси. Суд мажлисида суд муҳокамасига қўйилган масалалар, ҳамда иш юзасидан тўпланган далиллар мажмуаси етарлиги ва мақбуллиги ўрганилади.
Жиноят-процессуал фанида дастлабки эшитув тергов ва суриштирув органларининг ҳатти-ҳаракатлари Қонунга мувофиқлиги юзасидан бевосита суд назорати ҳисобланади. Дастлабки эшитув институти жорий этилиши суд ҳокимиятининг ваколатларини кенгайтиришга ҳамда тарафларнинг тортишувлик тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дастлабки эшитув институти АҚШ, Буюк Британия, Франция, Россия, ҳамда Испания, Италия давлатларида жорий этилган.
Барча давлатларда ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлса-да, суд муҳокамасида жиноят ишни мазмунан кўришга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжудлигини аниқлаш, суд муҳокамаси жараёнида фақат қонун билан йўл қўйилган далилларни ишлатиш учун шароит яратиш, жиноят ишини келгусида суд муҳокамасида кўриш учун суд таркибини ва суд жараёнини судланувчининг иштирокисиз кўриш имконияти мавжудлигини аниқлаш дастлабки эшитув институтининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Ҳозирги жиноят-процессуал қонунчилигида жиноят ишини суд муҳокамасига тайёрлаш судья томонидан 7 кун ичида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, иш мазкур суднинг судловига тегишлилик, ишни тугатиш ёки тўхтатишга сабаб бўладиган ҳолатлар мавжудлиги, ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарлиги, суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш чоғида қонун талабига риоя этилганлиги, айбланувчига эҳтиёт чораси тўғри танланганлиги, жиноят оқибатида етказилган мулкий зарарни қопланишини таъминлаш чоралари кўрилганлиги, айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси қонун талабларига мувофиқ тузилганлиги каби масалалар аниқланиши лозим.
Ушбу муҳим масалалар суд томонидан якка тартибда прокурор, жабрланувчи, айбланувчи, ҳимоячи ва бошқа иштирокчилар жалб қилинмаган ҳолда амалга оширилади. Ушбу жараён тарафлар иштирокида тортишувлик шароитида амалга оширилса, тарафларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янги босқичга чиқаради.

С.КУЛИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг судьяси.
Луиза ХАЛИТОВА,
фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар