Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Депутатлар пандемия шароитида Жиззах вилоятидаги ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилдилар

Депутатлар пандемия шароитида Жиззах вилоятидаги ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилдилар

29 июнь 2020 йил
9
0

Бугунги кунда бутун дунё ҳамжамияти коронавирус пандемияси туфайли катта синовни бошидан кечирмоқда.

Ушбу касалликдан юзлаб-минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмаётгани, айрим ривожланган давлатлар коронавирус пандемияси туфайли саросимага тушиб қолаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари пандемия оқибатларини бартараф этиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилди. Мазкур ҳужжатларда аҳолига ҳар томонлама ёрдам бериш, эҳтиёжманд оилаларни қийин вазиятда қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга турли имтиёз ва енгилликлар бериш ўта долзарб вазифалар сифатида белгиланди.

Жорий йилнинг 15-20 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алиханов бошчилигидаги парламент қуйи палатаси депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бўлиб, жойлардаги ислоҳотлар жараёнлари, ҳудудда келгусидаги амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳамда пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўргандилар.

2020 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишида ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокими ва секторлар раҳбарлари онлайн тарзда масофадан иштирок этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов таъкидлашича, депутатлик корпусининг ҳудудлардаги ўрганиш якунларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқимиз, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари Президентимизнинг аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш йўлидаги сиёсатини ҳар томонлама, якдиллик билан қўллаб-қувватламоқдалар.

Ўрганишда аввало, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича берилаётган имтиёзлар ва енгилликларнинг қўлланилиши, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлиги таъминланиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида этибор қаратилди.

Хусусан, берилган имтиёзларга асосан Жиззах вилояти бўйича 2020 йил 1 май ҳолатига 179 та хўжалик юритувчи субъектнинг ташқи савдо операциялари бўйича 64,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари бўйича жарима қўллаш муддати келган 130 та субъектга (53,9 млн. АҚШ доллари) муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун 269,9 млрд.сўмлик жарималар қўллаш тўхтатилган.

2020 йил 1 июндан 1 сентябргача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғидан озод этилиши ҳисобига жами 8,3 млрд.сўм тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғи жами 3,4 млрд.сўмлик ҳосил бўлган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган.

Эътиборлиси, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож катламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилган.

Хусусан, Жиззах вилояти бўйича 1 июнь ҳолатига жами нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар 42 889 та бўлиб, уларга январь-май ойларида 61 284,7 млн.сўмлик нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўланган. Шундан, апрель-июнь ойларида муддати тугайдиган нафақаларни танаффуссиз давом эттириш бўйича 14 ёшгача болалари бўлган 6 738 нафар, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш учун 3 237 нафар онага ва 1 975 нафар кам таъминланган оилаларга жами 8 307,5 млн.сўмлик қўшимча маблағлар тўлаб берилган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар натижасида Зафаробод туманидаги “HUAXIN CEMENT JIZZAKH” МЧЖ Хитой билан ҳамкорликда қуввати йилига 1,5 млн. тонна юқори сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонани бунёд этиш жадаллик билан олиб борилмоқда.

Мирзачўл туманидаги “Мирзачўл текстиль” МЧЖ имтиёзлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда корхонада жинси материалларидан шим, комбинезон ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариб, йилига 1,5 млн АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда.

Йиғилишда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб Жиззах вилояти аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича секторлар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ҳақида ахборот берди.

Хусусан, вилоят ҳокими ўз сўзида бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарганлиги, одамларимиз сиёсий жараёнлар, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар шиддатида анча тобланиб, улар ҳар қачонгидан кўра сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан фаол, ўз фикрини бемалол очиқ айтиб, керак бўлса раҳбарларга, депутатларимизга ҳам баҳо берадиган, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бугунги куннинг энг долзарб муаммолар ечимини топиш масаласини кўтарадиган даражага етганлигини таъкидлаб ўтди.

Бу, албатта энди одамларни шунчаки қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмаслигини, уларга  амалий ишларимизни кўрсатиш вақти келганлигини англатиб, олдимизга катта масъулият ва вазифаларни қўяди деб қушимча қилиб ўтди вилоят ҳокими Эргаш Салиев. 

Кенгаш йиғилишида ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли сектор раҳбарларига таклиф ва тавсиялар берилди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилиш якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар