Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » ҲУШЁР ОДАМ АЛДОВЛАРГА УЧМАЙДИ

ҲУШЁР ОДАМ АЛДОВЛАРГА УЧМАЙДИ

28 январь 2020 йил
202
0

Ўзбекистонда азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаб келмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 32 миллиондан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Фуқароларнинг 94 фоиздан зиёди ислом динига эътиқод қилади. 3,5 фоизга яқин фуқаролар провослав динига мансуб бўлиб, қолган қисмини бошқа конфессия вакиллари ташкил этади.

 

Мамлакатимизда 16 диний конфессияга мансуб 2238 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2064 таси исломий, 157 таси христиан, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонасидир. Булардан ташқари конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда. Ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг ифодасидир.

 

Бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик, қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий «ислом давлати» қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид, ваҳшийликка асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди.

 

Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, «хужралар» ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширилмоқда.

 

Айниқса, интернет тармоғида ўзини «Ислом давлати» (ИШИД), «Жабҳат ал-Нусрат» деб атаб олган террористик ташкилотлар гўёки ислом равнақи йўлида курашаётган «Мужоҳид биродарлар гуруҳи» экани ҳақидаги тарғибот-ташвиқот кенг кўламда олиб борилаётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларида мусулмон ёшлар «хижрат» қилиш ва «жиҳод»да иштирок этиш даъвосида Сурия ва Ироқ ҳудудига бориб, ушбу гуруҳ сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Афсуски, ёшларнинг муайян қисми ИШИДни ҳақиқатдан ҳам ислом динини бутун дунёга тарқатиш, исломий давлат барпо этган ҳолда дунёда адолат ўрнатишни мақсад қилган ташкилот деб ҳисоблайди.

 

Бундай фикрловчилар Ўзбекистонда ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Ёшларнинг бу гуруҳи юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб, қаттиқ адашмоқдалар.

 

Аслида, мутаасиб оқим аъзоларининг мақсади – «жиҳод», «хижрат», «шаҳидлик», «кофир бўлиш» каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишдан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангарига айлантиришдан иборат.

 

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернетдаги ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Баъзи ёшларимизнинг интернет орқали ўзини «Ислом давлати» деб атаётган террорчи ташкилотлар, ақидапараст гуруҳлар таъсирига тушиб қолиши, «Обид қори», «Абдували қори», «Равиқ қори» каби мутаасиб шахсларнинг маърузаларини дискда ёки қўл телефони хотирасида сақлаб, тинглаб юриш ҳолатлари ҳам кузатиляпти.

 

Айниқса, сўнгги вақтда ҳатто ўсмир ёшдаги болалар Сурия, Ироқ каби мамлакатлардаги жангариларнинг фаолиятини тарғиб қилувчи материалларни телефонда қўлма-қўл қилаётганлари кузатилмоқда.

 

Бугунги вазият ҳар биримиздан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишни, тинчликни сақлаш, унинг қадрига етишни талаб этади.

 

Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ ва мамлакатда осойишталик бўлади, эл юртимиз равнақ топади. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг, ҳар биримизнинг муҳим бурчимиздир.  

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар