Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Фориш туманида сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви ўтказилди

Фориш туманида сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви ўтказилди

22 январь 2020 йил
208
0

Фориш тумани  «Яссикечув» маҳалласидаги 72-умумтаълим мактабида тумандаги тўртта сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда туман ҳокими Абдивали Мустанов сўзга чиқиб, туманда ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, улар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

-Туманда ёш авлоднинг фуқаролик позицияси ва фаоллигини кучайтириш, уларни мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, халқаро майдонда рақобатга кириша оладиган баркамол шахслар этиб тарбиялашга қаратилган изчил ишлар олиб бориляпти. Натижада туманимиз ёшлари кўплаб соҳа ва йўналишларда ўзларининг маҳорати, шижоати, куч-ғайратини намоён этмоқда, – деди туман ҳокими ўз сўзини давом эттириб.

- Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Энг намунали сардорлар Кенгаши» танловининг вилоят босқичида туманимиз сардорлари фахрли иккинчи ўринни эгаллади. «Камалак юлдузлари» болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичида иштирок этган ёшларимиз 4 та учинчи, 3 та иккинчи, 2 та биринчи ўринни қўлга киритишди ҳамда республика босқичига йўлланма олишди.

«Бекпўлат» таэквон-до клуби аъзоси Суҳроб Бобобеков 2019 йил январь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Фужайра шаҳрида ўтказилган таэквон-донинг WTF йўналиши бўйича GI туркумидаги «Fujairah Open» халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди. У Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида бўлиб ўтган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида, Италиянинг Неаполь шаҳрида талаба-ёшлар ўртасида ёзги Универсиада баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. 100 нафар ёшлар фан олимпиадаларида, 1 нафари эса халқаро олимпиада ғолиби бўлди.

Ёшлар онги тафаккурини юксалтириш, улар бандлигини таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги ёшлар ўртасида «Китоб совға қиламан» лойиҳаси доирасида ёшларга 10 мингтадан зиёд китоблар совға қилинди. 

«Yoshlar – kelajagimiz» давлат дастури ижросини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2019 йил давомида дастур доирасида 28 та бизнес лойиҳаларга жами 5 миллиард 563 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. «Қораабдол ота», «Нарвон», «Гараша» маҳаллаларида 6 нафар ёшларга узумчилик, боғдорчилик, экотуризм ва аҳолига маиший хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида жамғарма ҳисобидан 800 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб берилди. «Учма», «Нурак», «Яссикечув» маҳаллаларида 3 та «Ёшлар меҳнат гузари» ташкил этилди. «Илғор ҳудуд» лойиҳасини амалга оширишда 100 нафардан зиёд ёшларни бирлаштирган фидойи ёшлар отряди фаолият юритяпти.

Ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлар натижасида улар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ҳам камайиб боряпти. Билиб-билмай жиноятга қўл урган 3 нафар ёшлар Ёшлар иттифоқи кафиллигига олинди. Юзга яқин ёшлардан иборат «Фидокор ёшлар» жамоатчилик назорати гуруҳлари тузилиб, маданий-маърифий тадбирлар, тунги рейдлар ташкил этиляпти.

Туман ҳокими ўз сўзининг ниҳоясида 2020 йилда туманда «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Нарвон», «Қораабдол ота», «Яссикечув», «Мустақиллик», «Илонли» ва «Гараша» маҳаллаларида 6 та қишлоқда дастур ижроси бўйича ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ёшлар билан учрашувда туман прокурори Мирзараҳим Отақулов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Тўхтамишев, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг раиси Дилшод Худойшукуровлар ҳам сўзга чиқишди.

- Мен Тошкент шаҳрида ҳунармандчилик билан шуғулланаман, – дейди Э.Камолов маҳалласида яшовчи ёш тадбиркор Зуҳриддин Шукруллаев. Менга жой ва кредит маблағдан кўмак берсаларингиз, ўз устахонамни туман марказига кўчириб, 7 та янги иш ўрни яратмоқчиман.

Учрашувда Жиззах шаҳридаги Зулфия ва Ҳамид Олимжон номидаги Президент мактаби 10-синф ўқувчиси, ёш ижодкор Гулсанам Бахриддинова ўз шеърларини ўқиб берди.

Ёшлар билан учрашув тўлалигича расмиятчиликдан холи, очиқ, дўстона муҳитда ўтди. Ёшларга «Имкон лойиҳаси» доирасида 20 нафар ишсиз йигитлар ҳамда 20 нафар вақтинча ишсиз қизларга қишлоқларда сартарошлик ҳамда гўзаллик салонларини очишлари учун керакли ускуналар, 8 нафар тикувчилик фаолияти билан шуғулланиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган ёш қизларга «Juita» тикув машиналари бепул тарқатилди.

«Гараша», «Яссикечув» маҳаллаларидаги «Фориш чеварлари» тикув цехининг ўқув курсини битирган 20 нафар қизларга тикувчилик касбини эгаллаганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Учрашувда иштирок этган ёшларга 250 дона бадиий адабиётлар тарқатилди.

Тадбир ниҳоясида Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Дилшод Худойшукуров туман ёшларини муаммолари, таклиф ва эҳтиёжларини ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун туман ҳокимлигига Ёшлар иттифоқининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғасини топширди.

Учрашув давомида ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Натижада учрашув давомида 70 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Учрашувдан кейин «Қораабдол» тўйхонасида элга ош тортилиб, кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларнинг 20 нафар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилди.

Учрашув ва тўй маросимларидан сўнг улоқ кўпкари мусобақаларига старт берилди. Туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда ҳомийлар томонидан қимматбаҳо совғалар совринга қўйилди.    

Фориш туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар