Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Фориш туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати

Фориш туман ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати

22 ноябрь 2019 йил
397
0

Фориш туман ҳокими Абдивали Саидович Мустановнинг тадбиркорларга мурожаати.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Бугун мамлакатимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш» бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ишбилармон учун, биринчи навбатда нима зарур? Албатта, қулай бизнес муҳити! қолаверса, имконият, имтиёз ва кўмак – тадбиркорлик ривожининг кафолати.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик йўналишида Давлатимиз раҳбари томонидан 50 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар янгиланганини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак.

 

Ҳозир тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш атига 30 дақиқа ичида амалга оширилмоқда. Яқин муддатда бу 48 соатни ташкил этарди. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан янгидан ташкил қилинган Давлат хизматлари марказлари орқали тадбиркорлик субъектларига жами 78 турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан тадбиркорларга бир қатор қулайлик ҳамда имтиёзлар яратилди.

 

Фармон асосида 42 та лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-тамойили бекор қилинди, 38 турдаги лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиби 17 турга бирлаштирилди, 25 турдаги лицензиялар ва рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари ички расмийлаштириш тартибларини мақбуллаштириш эвазига қисқартирилди, 9 турдаги фаолиятни лицензиялаш тартиби лицензиялаш бўйича функциялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан тегишли давлат органларига ўтказилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги «Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг ташкил этилгани, тадбиркорликни айниқса, олис ва тоғли ҳудудларда жойлашган туманларда ривожлантиришга ва уни қўллаб-қувватлашга катта имконият яратди.

 

Ҳозирда туманимизда ҳам Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси тўлиқ фаолият олиб бормоқда.

 

Қабулхона тизимида ташкил этилган «business.gov.uz» ягона интерактив портали эса тадбикорлар мурожаатларини кўриб чиқишнинг электрон тизим орқали тезкорлик билан кўриб чиқиш имкониятини яратди.

 

Қабулхона ташкил этилган давр мобайнида «business.gov.uz» ягона интерактив порталига 64 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 61 таси ёки 95,3 фоизи бевосита мурожаат муаллифларининг иштирокида кўриб чиқилиб, ҳал этилди.

 

Жорий йилнинг 7 ноябрь куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев тадбикорликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган видоеселектор йиғилишида «Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин»лиги ҳамда «Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди» деган бош ғояни илгари сурди.

 

Бугун шуни алоҳида ва очиқ тан олишимиз лозимки, тадбиркорликни янада ривожлантиришда ҳали ҳамма тўсиқ ва ғовларга, бюрократик тўсиқларга тўлиқ барҳам бера олмаяпмиз. Айрим раҳбарларимизнинг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётганлиги ташаббускор юртдошларимизнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқармоқда. Тадбиркорларга ер, бино ва иншоот, кредит ажратиш, хом-ашё билан таъминлаш, коммуникация  тармоқларига уланишга рухсатнома беришда бюрократия ҳамон кучлилик қилмоқда.

 

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиб бериш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратилган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади. Кредит бериш тизими соддалаштирилиб, республика, вилоят банклари ваколатлари тумандаги банкларга берилмоқда. Бу, ўз навбатида ортиқча қоғозбозликнинг ва сарсонгарчиликларнинг олдини олишга имкон беради. 

 

Бугунги кунда туманимизда 1413 та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг сони жорий йилда 250 тага кўпайиши кутилмоқда. Оилавий тадбиркорлик кенг қулоч ёймоқда. Йил давомида хорижий инвестиция иштирокида 11 та корхоналар ташкил этилиб, уларнинг сони 20 тага етказилди.

 

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастури доирасида 2019 йилнинг якуни билан 251,6 млрд. сўмлик 28 та лойиҳа амалга оширилиши ва 1645 та иш ўринлари яратилиши таъминланади.

 

“Мен форишликман” деган ҳар бир ҳиммати баланд тадбиркор бугун яратилган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, янги иш ўринлари яратишлари, иқтисодий юксалишимиз фаровонлигимизнинг локомативлари бўлишлари керак.

 

Тадбиркорларимиз туманда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурларида асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, паррандачилик, узумчилик, чорвачилик соҳаларида ҳам 19,7 млрд. сўмлик 13 та янги лойиҳаларни амалга оширишди.

 

Хорижий инвестиция ҳисобига вилоятимизда амалга ошадиган 4 та йирик лойиҳанинг биттаси туманимизда бўлиб, бу «Эко цемент» ишлаб чиқариш заводини қуришдир. 1,1 триллион сўм миқдордаги ушбу лойиҳанинг ишга тушириш муддати 2020 йилнинг IV чораги бўлиб, яратиладиган иш ўрни 200 тани ташкил этади. Натижада йилига 1 миллион 200 тонна цемент ишлаб чиқаришга эришилиб, маҳсулотнинг 50 фоизи Афғонистонга экспорт қилинади.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июндаги 501-сонли қарорига асосан туманимизда 2019 – 2020 йилларда инвестиция лойиҳаси қиймати 400 миллион АҚШ доллари бўлган, йилига 4 миллион тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводи қурилиши белгиланди. 

 

Яқинда Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи халқаро инвестиция форумида 30 та давлатдан 250 га яқин бизнес вакиллари иштирок этди. Жиззах вилоятида 1,112 миллиард долларлик инвестицион лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимлар имзоланди. Бу битимлар ичида туманимиз учун алоҳида эътиборга молик Германия, АҚШ, Канада, Дания компаниялари иштирокидаги Учқулоч полиметал руда конлари негизида лойиҳа қиймати 460-480 миллион АҚШ доллари бўлган «Учқулоч – Полиметал» кон бойитиш корхонасининг ташкил этилишидир. Кон бойитиш корхонасининг ишга туширилиши натижасида 2000 та янги иш ўрни яратилади.

 

2019 йилнинг ўтган ойлари давомида банкларимиз томонидан тадбиркорликка жами 21 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Айниқса кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз» давлат дастурлари ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

 

Азми қатъий ва шижоаткор тадбиркорлар!

 

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари «Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!» мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Бунда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

«Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар».

 

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган туманнинг салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат ва туризмни ривожлантириш йўлида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

 

Тадбиркорларимиз томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича тақдим этилган 1133 млн. долларлик 2 та лойиҳани амалга ошириш, 699 минг доллар инвестиция киритиш ҳисобига туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, 563 млн. долларлик 16 та саноат йўналишидаги лойиҳаларни амалга оширилиши шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқаришдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

 

Шу билан бирга, ўтган йилларда минглаб ёшлар ўз бизнесини бошлаб тадбиркор бўлиб етишди, энди бошлаётганлар ҳам бор. Биз уларни эътиборсиз қолдирмаймиз. Уларнинг бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқишдан тортиб, ишини йўлга қўйгунча кўмак берамиз.

 

Бир нарсани чуқур англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – туманимизнинг келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.

 

Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

 

Бунда:

тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;

 

ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлиги таъминланади;

 

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

 

Тадбиркорлик фаолиятига боғлиқ бўлган давлат идораларининг барча ходимлари билиб олсин - бюрократия, тадбиркорларимизга тўсиқ бўлиб уларнинг қимматли вақтини олиб сансоларликка йўл қўйганларга кескин чоралар кўрилади.

 

Агарда сизнинг фаолиятингизга ноқонуний аралашувларга йўл қўйилса ёхуд қайсидир жабҳада Сизларга кўмак зарур бўлса менинг доимий ишловчи телеграм мессенджеримга (93 993-37-72), facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифам, туман ҳокимлигида ташкил этилган 24 соат ишловчи (452-15-70) ишонч телефонлари орқали ёхуд ҳафтанинг жума куни «Тадбиркорлар қабули»га, ҳафтанинг чоршанба куни «Инвесторлар куни» муносабати билан ўтказиладиган қабулларимга келиб, шахсан мурожаат қилишингиз мумкин. Биз албатта Сизнинг муаммонгизни қисқа муддатларда ҳал этиш ҳамда амалий ёрдам бериш чораларини кўрамиз.

 

Ҳурматли тадбиркорлар!

 

Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки жамоатчиликнинг фаол вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз. Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар