Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » МОЖРУМСОЙДА ТУРИЗМ РИВОЖЛАНАДИ(МИ)?

МОЖРУМСОЙДА ТУРИЗМ РИВОЖЛАНАДИ(МИ)?

23 сентябрь 2019 йил
21
0

Экотуризм бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, катта харажат талаб этмайдиган, аммо яхши даромад келтирадиган бизнес экани маълум. Бизнеснинг бу турини ривожлантиришда Туркистон, Нурота тоғ тизмалари бағрида жойлашган Зомин, Бахмал, Фориш, Ғаллаорол туманлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида кенг имкониятлар мавжуд.

— Экотуризм жаҳон миқёсида сайёҳликнинг энг жозибадор турига айланиб бораётир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоятидаги вакили Лола Санаева. — Экосайёҳлар оқимининг кўпайиши қишлоқ ҳудудлари аҳолиси фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу жиҳат ҳисобга олиниб, вилоятда 2017-2021 йилларда туризмни ривожлантириш дастурида замонавий экотуризм инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу дастур асосида Янги туристик йўналишлар очилмоқда. Аммо...

Фориш туманида жойлашган Можрум қишлоғи Нурота тоғлари оралиғида жойлашган. Сув тўла сой одамларнинг бу заминга ўрнашишларининг асосий сабабидир. Уйларнинг қарийб барчаси тошлардан қурилган. Чунки ҳудудда тупроқдан кўра тошнитопиш осонроқ. Шундоқ кўчага чиқсанг бас. Деворларнинг 60 сантиметр қалинликда бўлиши, тошларнинг лой билан сувалиши хонадонларнинг қишда иссиқ, ёзда салқин бўлишини таъминлар экан.

Баландликка кўтарилганимиз сари саратоннинг иссиқ нафаси кесилиб, салқиндан танамиз яйрай бошлади. Ниҳоят, бу қишлоққа қадам қўйишдан мақсад бўлган минг йиллик арча қошига етиб бордик. 17 минг 752 гектарлик Нурота давлат қўриқхонаси ва қишлоқ чегарасида жойлашган дунёдаги энг йирик игна баргли дарахтлардан бири бўлган арчанинг ёшини кимдир минг йилга тенглаштирса, кимдир унинг уруғи ерга қадалганлигига 2,5 минг йил бўлганлигини маълум қилди. Мазкур табиат мўъжизасини кўрган борки (суратда), унинг ҳайбатидан ҳайратланмай иложи йўқ. Шу боис, бу ердан сайёҳларнинг қадами узилмайди.

— Бу ергаАнглия, Германия, Америка, Корея, Покистон каби хорижий давлатлардан тез-тез меҳмонлар келиб туришади, — дейди шу қишлоқда яшовчи Шакарбой Шукуров. — Аммо уларни қизиқтирган нарса арча неча ёшда эканлиги. Бу жумбоқ савол эса халигача очиқлигича қолиб келмоқда. Оғиздан оғизга кўчиб келаётган афсоналарга кўра, арча бир кечада пайдо бўлган. Яна бир ривоятларга кўра, Александр Македонский юқори мартабали саркардаларини дафн қилишдан сўнг ушбу Савр арчасини экиш одати бўлган. Шу боис бу арчани Александр Македонский эккан дейишади.

Илгари арча танасидаги катта ковак қишлоқ болалари учун мактаб вазифаcини ўтаган. Арчага ёндош сой бўйида ёнғоқ, бодом, нок, олма каби мевали дарахтлар ўсмоқда. Ёнғоқ дарахтларининг баъзилари юз, икки юз ва беш юз ёшга кирган. Қишлоққа туташ қўриқхонада сут эмизувчиларнинг 35, судралиб юрувчиларнинг 21, қушларнинг 197, ҳашаротларнинг 815 тури учрайди.

Муаммо нимада?

Шакарбой Шукуров таъкидлаганидек, қишлоққа йилига минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Бу ерда туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича камчилик ҳамда муаммолар ҳам етарли. Қишлоққаташриф буюрган сайёҳнинг мароқли саёҳат ва дам олиши учун транспорт воситалари, йўллар, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, саломатлик марказлари, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, хавфсизликни таъминлаш, тозалик-ободонлаштириш яхши йўлга қўйилган бўлиши керак. Маҳаллий аҳолининг муомала маданияти, савдо шохобчалари, банк хизматлари ва бошқа соҳалардаги хизматлар юқори савияда, сифатли ташкил этилиши лозим.

Бугун қишлоқ йўли шунчалик торки, қарама-қарши томондан келаётган машина иккинчисига йўл бермасдан иложи йўқ. Фориш-Нурота йўлидан қишлоқ томонга бурилишингиз билан чанг кўчага дуч келасиз.

— Кўчада кўтарилган чангдан ҳовлимизда бемалол ўтира олмаймиз, — дейди шу қишлоқда истиқомат қилувчи Саъди Милтиқев. — Уйимиз олдидан бирор транспорт ўтиб қолса борми, уйимиз оппоқ чанг ичида қолади. Қишлоғимизга электр энергияси 1972 йилда келган. Шундан буён симёғочлар алмаштирилмаган. Интернет ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Алоқага чиқиш учун бир неча километр пастга тушишимизга тўғри келади. Қишлоқдаги сўнгги уй билан арчагача бўлган йўл — 2 километрлик масофа умуман талабга жавоб бермайди. Шунча жойга электр энергияси бормаган. Ички йўлларни таъмирлашга киришилган бўлсада, бу ишлар бир маромда кетмаяпти.

Бу каби муаммолар туризмни ривожлантириш учун тўсиқ. Мутасаддилар хонадонма-хонадон юришиб, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш тартиби, имтиёзлари бўйича тарғибот ишлари олиб боришганда эди, бу муаммолар аллақачон бартараф этилган бўларди. Туризмни ривожлантириш орқали қишлоқ аҳолисининг турмушини яхшилаш имконияти яратиларди.

Қишлоқда туризмни ривожлантириш учун мавжуд имкониятлар кўп. Олдинда турган вазифа — яратилган шароит ва имтиёзлардан оқилона фойдаланиш, ҳудудлардаги дам олиш жойларини кўпайтириш, тарғиб этиш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Бу ўз навбатида, янги иш ўринларини яратиш, обод масканлар барпо этиш имконини беради.

Муқимбой ИСМОИЛОВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар