Сайт тест режимида ишламоқда.
Телефонлар:
(0372) 452-18-66
(0372) 452-17-95
» » Тумандаги автотранспорт воситаларини мажбурий  техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида

Тумандаги автотранспорт воситаларини мажбурий  техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида

15 февраль 2019 йил
72
0

Фориш тумани ҳокимининг "Тумандаги автотранспорт воситаларини мажбурий  техник кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги қарори имзоланди. 

Қарор Ўзбекистон Республикасининг «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуни (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2013 й., 16-сон 197-модда) 17-моддаси, Вазирлар Махкамасининг 2003 йил 31 январдаги 54-сонли қарори билан тасдиқланган «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон, 17-модда) мувофиқ, транспорт воситаларининг 2019 йилги техник кўригини ташкил қилиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуни 6-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 9-сон, 320-модда) асосан чиқарилди.

  1. Туман ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари ва уларга тиркамалар мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.
  2. Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жадвали 1-иловага мувофиқ, транспорт воситалари техник кўригини ўтказиш бўйича туман комиссияси таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириш жойлари сони 8 ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар − бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу ҳисобга киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) − икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) − бир йилда бир марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси − шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

д) навбатдаги техник кўрикдан ўтказишнинг илгари ўрнатилган муддатларидан қатъи назар, уларни ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) вақтида;

е) улар ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар, ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган (қайта рўйхатдан ўтказилган) кундан бошлаб бир йил ўтгач (мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).

  1. Мазкур қарорнинг 3-банди иккинчи хатбошида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:

биринчи марта – 1 март − 30 июнда;

иккинчи марта – 1 сентябрь − 31 октябрда ўтказилиши инобатга олинсин.

Юридик шахсларга қарашли транспорт воситаларининг техник кўриги 1 мартдан − 30 июнга қадар;

Жисмоний шахсларга қарашли транспорт воситаларининг техник кўриги 15 февралдан − 31 августга қадар ўтказилсин.

  1. Транспорт воситалари техник кўригини ўтказиш бўйича туман комиссияси (В.Ҳусанов)га:

- транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;

- транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги техник регламентлари ёки стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш;

- транспорт воситалари сонини, уларнинг ҳолатини, амалда мавжудлигини, тегишлилигини ва бошқа рўйхатдан ўтказиш маълумотларини аниқлаштириш вазифаси юклатилсин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
    31 январдаги 54-сон «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши инобатга олинсин.
  2. Транспорт воситалари ДЙҲХХнинг ҳудудий органи томонидан техник кўрикдан ўтказилганлиги учун, шунингдек биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилсин ва маҳаллий бюджетга ўтказилсин.
  3. Туман ички ишлар бўлими оммавий ахборот воситаларида транспорт воситаларининг барча эгаларига, автомобилларга техника хизмати кўрсатувчи ташкилотларга мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини етказишга қаратилган кенг тушунтириш ишлари ўтказилишини ташкил этсин.
  4. Қарор ҳокимликнинг www.forish.jizzax.uz− расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
  5. Ушбу қарор қабул қилиниши муносабати билан туман ҳокимининг 2018 йил 5 январдаги 9-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ф.Амиров зиммасига, ижросини ташкил этиш туман ички ишлар бўлими бошлиғи О.Эшбеков зиммасига юклатилсин.
  7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Туман ҳокими  А. МУСТАНОВ.

2019 йил 15 февраль,

Боғдон шаҳарчаси

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Фойдали ҳаволалар